Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида барпо этилаётган туризм маркази қурилишини кўздан кечирди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ушбу мажмуа Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида, 212 гектар майдонда қурилмоқда. Лойиҳага кўра, бу ерда 10 та иншоот, жумладан, конгресс холл, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари бўлади.

Айни пайтда конгресс холл, «Абадий шаҳар» карвон саройи ва 8 та меҳмонхона бунёд этилмоқда. Меҳмонхоналарнинг иккитаси 22 қаватли, беш юлдузли, қолганлари тўрт юлдузли бўлади.

Маълум қилинишича, Самарқандда меҳмонхоналар кўп бўлишига қарамай, сайёҳлар кўп келганда ўринлар етишмай қолади. Масалан, 2019 йилда шаҳардаги барча отеллар банд бўлган.

Қурилаётган марказ туристик хабга айланади. Бу ерда халқаро анжуманлар ўтказиш учун ҳам кенг шароит бўлади. Уни 2022 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Президентга мазкур янги сайёҳлик маркази имкониятлари, туристларга кўрсатиладиган хизматлар ҳақида маълумот берилди. Давлат раҳбари марказ бошқарувини самарали ташкил этиш, туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда Самарқанднинг туризм инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари тақдимот қилинди.

Самарқанд шаҳрида илк бор гастрономик кўча, Самарқанд тумани «Конигил» маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистонда биринчи туризм қишлоғи ташкил этилди. Давлат раҳбари мазкур туристик марказни шаҳар билан боғлайдиган йўл ўтказгични бориб кўрди, Уста Умар Жўрақулов ва Афросиёб кўчаларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.