2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларни учинчи шахсларнинг паспортларига ноқонуний равишда қайд этиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилган эди.

Эслатиб ўтамиз, шундан сўнг учинчи шахсларнинг паспортларига ўзларига хабар берилмаган ҳолда смартфонларни рўйхатдан ўтказиб қўйганлари ҳақидаги шикоятлар туфайли UZIMEI оператори ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган эди.

Давлат божхона қўмитасининг хабар беришича, қўшни давлатлар ҳудудига жиноий тил бириктирган шахслар ўз телефонларида Ўзбекистонга қайтган фуқароларнинг паспортларини суратга олиб, Telegram орқали маълумотларни жўнатиб, мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларни ўз номларига расмийлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 141−2-моддаси 2-қисми «а» ва «в» бандлари (шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, қўшиш, фойдаланиш, тарқатиш, бир гуруҳ шахслар томонидан ёлланма ёки бошқа асоссиз мақсадларда олдиндан тил бириктириб содир этилган шахсий маълумотларни шахсийлаштириш ва йўқ қилиш).

2021 йил январь ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги масъул ходими Бахтиёр Сулаймонов «карантин зонасидаги фаррошдан тортиб мансабдор шахсгача» IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш учун паспорт маълумотларини ноқонуний йиғишда иштирок этгани ҳақида хабар берган эди. Ўша пайтда жами 7000 га яқин шахсий маълумотларни йиғиш ҳолатлари қайд этилган.

Ана шундай ишлардан бири Андижон шаҳридаги биринчи ва апелляция судларида кўриб чиқилди. Суд жараёни қандай якунлангани ва айбланувчилар нима учун жазолангани ҳақида «Газета.uz» хабар беради.

Биринчи ҳукм Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан 2021 йил 2 мартда чиқарилган. Мазкур иш бўйича судланувчилар: Андижон шаҳрида яшовчи, телефон сотиш ва сотиб олиш билан шуғулланган А. Аҳмедов (1991 й.т.), Андижон вилояти ИИБ Ахборот технологиялари, коммуникациялари ва ахборотни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Р. Мирҳайдаров (1992), андижонлик тадбиркор У. Мирзаев (1991), маҳаллий корхонада иш юритувчи Н. Ашуров (1990), собиқ мактаб ўқитувчиси Б. Камолдинов.

Суд материалларига кўра, ушбу шахслар 2020 йилнинг январь ойида тадбиркор Аҳмедов бошчилигида божхона назоратини четлаб ўтиб, Ўзбекистонга кириб келаётган кўп сонли мобил телефонларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш мақсадида жиноий тил бириктирган.

Суд қарорига кўра, Мирхайдаров ва Мирзаевлар Ашуров ва Камолдиновлар орқали Ўзбекистонга чиқиб кетган ва қайтган фуқароларнинг маълумотларини тизим оператори — «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУКда рўйхатга олган.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот технологиялари, коммуникацияларини ривожлантириш ва ахборотни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Мирҳайдаров ўз мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб, жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотларини қонунга хилоф равишда тўплаган, ишлатган ва ўтказиб юборган, дейилади иш материалларида. Хорижга чиққан фуқароларнинг шахсий маълумотлари вилоят ИИБ терроризмга қарши кураш бошқармаси маълумотлар базасида мавжуд бўлиб, у охирги тўрт ой давомида ишлаган ва маълумотлар базаси паролини билган. Уларни яширинча йиғиб, Мирзаев орқали Аҳмедовга Telegram’дан жўнатган.

Маълум қилинишича, Аҳмедов бунинг учун Мирзаевга 13 800 АҚШ доллари берган, шундан 12 000 АҚШ долларига Мирҳайдаровга Nexia-3 русумли автомашина сотиб олишга сарфланган, қолган 1800 долларни эса Мирзаев хизмати учун олган.

Иш материалларига кўра, жиноий гуруҳ бошқа номаълум шахслар билан тил бириктириб, Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилган умумий қиймати 6,4 млрд сўмлик 3618 дона телефоннинг IMEI-кодини учинчи шахсларнинг паспортларига расмийлаштиришга ёрдам берган. Ноқонуний олиб кириш натижасида 1 млрд 630 млн сўмлик божхона тўловлари тўланмаган.

Материалларга кўра, бунинг учун улар ИИБнинг «Узоқ муддатга кетган шахслар» электрон базаси маълумотларидан фойдаланишган. 40 мингга яқин шахснинг шахсий маълумотлари пароль билан ҳимояланган Excel файлида гуруҳнинг яна икки аъзосининг Telegram аккаунтига юборилган.

Битта телефоннинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш учун 0,5−2 доллар олишган. Пуллар ҳукм қилинганлар номига очилган пластик карталарига ўтказилган.

Умуман ҳисобда, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида 3578 нафар шахснинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланилган бўлиб, бу «фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари»нинг бузилиши ҳисобланади.

Жабрланганларнинг аксарияти айбланувчига ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, жазони енгиллаштиришни сўраган. Фақат иккитаси қонуний чоралар кўришни талаб қилди, чунки шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланиш уларнинг телефонларини рўйхатдан ўтказишга тўсқинлик қилган. Судланувчилар ўз айбларига қисман иқрор бўлиб, қилмишларидан пушаймон бўлишди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан қуйидаги ҳукм чиқарилди:

  • А. Аҳмедов ва У. Мирзаев 141−2-модда 2-қисми «а» ва «в» бандлари (шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда бузиш; такроран ёки хавфли жиноят содир этиш) ҳамда 182-модда 2-қисми «а» ва «в» бандлари (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ўта кўп миқдорда бузиш; товарлар ёки бошқа мулкларни Ўзбекистон божхона чегараси орқали очиқ, рухсатсиз олиб ўтиш йўли билан) билан айбдор деб топилди ва 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди;
  • Р. Мирҳайдаров 141−2-модда 2-қисмининг «а», «в» ва «д» бандлари, 182-моддаси 2-қисмининг «а» ва «в» бандлари ва 2-қисмининг «б» бандлари билан айбдор деб топилди. 205-моддаси билан 3 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди;
  • Н. Ашуровга ҳам худди шундай моддалар билан 2 йил 3 ой, Б. Камолдиновга эса 1 йил 6 ой қамоқ жазоси тайинланди;
  • У. Мирзаев 141−2-модда 2-қисмининг «а», «в» ва «д» бандлари, 182-моддаси 2-қисмининг «а» ва «в» бандлари ҳамда 2-қисмнинг «б» бандлари билан айбдор деб топилди. 205-моддаси билан 3 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Апелляция

2021 йил 23 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг апелляция инстанцияси судланувчилар А. Аҳмедов, У. Мирзаев ва Р. Мирҳайдаровнинг шикоятини кўриб чиқди.

Суд ҳайъати биринчи инстанция судида айбланувчиларнинг айбига қисман иқрор бўлганликлари ва қилмишидан пушаймонлигини ҳисобга олган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тайинлаш имконияти муҳокама қилинмаганлиги ва оғирроқ жазо тайинлади. Шунингдек, апелляция суди судланувчиларнинг вояга етмаган фарзандлари борлиги ва оилаларида ягона боқувчи экани, муқаддам судланмаганлиги, содир этган жинояти катта ижтимоий хавф туғдирмаслигини таъкидлади.

Шу муносабат билан суд Р. Мирҳайдаровга нисбатан жазони 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини моддий жавобгар лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга алмаштирди, аммо бу муддат, унинг деярли бир йил қамоқда бўлганлиги ҳисобга олинган ҳолда, 1 йил 11 ой 26 кунга қисқартирилди.

У. Мирзаевга ҳам 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, муддат 1 йил 9 ой 20 кунга қисқартирилди.