Ўзбекистон давлат чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда қўлга киритиб, UZIMEI тизимидан ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳни фош этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р. билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ доллардан ҳақ олганлиги маълум бўлди.

Мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 141−2-моддасининг (Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) 2-қисми «а» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилаётгани ҳақида хабар қилинган эди. Натижада хориждан келган, ҳатто дўкондан кредитга телефон олган фуқаролар ўз мобил телефонларини рўйхатдан ўтказишга қийналаётган эди.

Ушбу масалага эътибор қилган ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев нима учун IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш пулли эканлиги, бу жараён бу даражада қийин ва бюрократик усулда эканлиги ҳақидаги саволларни ўртага ташлаган эди.

«IMEI рўйхатдан ўтказиш учун ўзгаларнинг паспорт маълумотлари ўғриланаётгани — бу муаммонинг оқибати холос. Муаммонинг асосий сабаби эса вазирлик ва шу соҳага масъул ташкилотларнинг охиригача ўйланмасдан жорий қилган тизимидир! Агар тизим содда ва мантиққа мос тушадиган, шунингдек хавфсизлик талаблари тўлиқ инобатга олинган бўлганда эди, бировларнинг паспорт маълумотлари ўғриланмасди», — деб ёзади блогер.

Ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида Mening fikrim жамоавий мурожаатлар порталида мобил қурилмаларни IMEI бўйича пулли рўйхатга олишни бекор қилиш тўғрисидаги петиция эълон қилинган эди. Петиция 20 мингдан зиёд овоз ва 450 дан ортиқ изоҳ тўплади.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари бўйича қўмитаси томонидан «Мобил қурилмаларни ягона халқаро идентификация IMEI кодлари бўйича рўйхатдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш» масаласини ўрганиш бошланди. Бироқ бу масала ўзининг ижобий ечимини топмади.