Ўзбекистон Волейбол федерацияси мансабдор шахслари ва бошқалар бюджет маблағларини жуда кўп миқдорда талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Бош прокуратура матбуот ҳизмати ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Аниқланишича, собиқ жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевнинг буйруғига асосан, федерацияга 54 нафар спортчиларга 23 кунлик ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун бюджетдан 445 млн сўм ажратилган. Бироқ, машғулот йиғини амалда 10 кун ўтказилган. 231 млн сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, терма жамоа ва унинг захираси таркибига киритилмаган 29 нафар спортчи турли спорт йиғинларига юборилиб, 75 млн сўм маблағлар асоссиз сарфланган.

Терговга қадар текширув давомида бюджетга етказилган зарарнинг 120 млн сўми қопланган.

Бош прокуратура мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилгача жисмоний тарбия ва спорт вазири бўлиб ишлаган Дилмурод Набиевга 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон волейбол федерацияси раҳбарлиги ҳам топширилганди. 2021 йилнинг бошида Дилмурод Набиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазир лавозимидан озод этилди ва февралда Қарши давлат университетига ректор бўлди.