Тошкентда қалбаки 20 минг АҚШ долларларини 8 минг доллар эвазига сотмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар қилди.

ДХХ ва шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.Ф. бошқа бир фуқаро А.га қалбаки 20 минг долларни сотишга келишиб, ундан 8000 долларни олиб, қалбаки доллар ҳисобидан 100 долларини берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Наманганда Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган қалбаки 10,6 минг доллар муомалага киритилишининг олди олингани ҳақида ёзган эдик.