Наманганда қалбаки купюраларни муомалага киритмоқчи бўлган шахсни ушлади, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Учқўрғон туманида яшовчи муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси билан судланган 1986 (й.т) фуқаро Т.Ш. шахсий тинтувдан ўтказилган. Шунда унинг ёнида 10 600 доллар миқдоридаги қалбаки чет эл валютаси борлиги аниқланган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар текширув давомида у қалбаки хорижий валюталарни Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1986 й.т. М.Б.дан олганлиги маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинган.

Аниқланишича, Қирғизистон фуқароси бўлган Тинар исмли шахс томонидан айланма йўллар орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига ўтказилган ушбу қалбаки валюталар Тошкент шаҳрида муомалага чиқарилиши керак бўлган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Т.Ш. ва М.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.