Россиянинг Волгоград вилоятига ишлашга борган Ўзбекистон фуқароларига зўравонлик қилган иш берувчи жиноий жавобгарликка тортилди, деб хабар бермоқда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати.

Таъкидланишича, иш берувчи фуқароларнинг барча ҳужжатларини олиб қўйиб, куч ишлатган ва мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Ойлик иш ҳақидан дарак ҳам бўлмаган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Волгоград шаҳридаги вакили ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида Волгоград вилояти ИИБ раҳбарияти билан корхонада рейд уюштирди. Рейдда шунингдек, вилоятнинг барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари иштирок этди.

Натижада иш берувчи ҳибсга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилди. Барча ватандошларнинг паспорт ва ойлик маошлари олиб берилди, дейилади хабарда.