Президент фармони билан Сардор Умурзаков Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Шу муносабат билан бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимидан озод этилди.

Эслатиб ўтамиз, Зайнилобиддин Низомиддинов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан администрация раҳбари лавозимидан кетганди.

Сардор Умурзаков (1977 йилда туғилган) Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, сўнгра Рединг университети (Буюк Британия) магистратурасида ўқишни давом эттирган, PhD даражасига эга.

Узоқ вақт давомида Ўзбекистон банк тизимида ва хорижда — Европа тикланиш ва тараққиёт банкида (Лондон, Буюк Британия), шунингдек, молия органлари тузилмасида, хусусан, вазирлик ғазначилигида масъул лавозимларда ишлаган.

Ўз фаолияти давомида «Ўзбекчармпоябзали» уюшмаси бошқаруви раиси маслаҳатчиси (2014−2017), раис ўринбосари (2017−2018) ва «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси (2018−2019) лавозимларида ишлаган.

2019 йил январь ойида у Инвестициялар ва ташқи савдо вазири этиб тайинланганди, 2020 йил март ойида эса Қонунчилик палатаси томонидан бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқланган.