Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг собиқ раҳбарлари ҳужжатларни қалбакилаштириш ва айниқса катта ҳажмдаги бюджет маблағларини ўзлаштиришда айбланмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Агентликнинг маълум қилишича, федерация президенти Нурхон Нафасовнинг ташкилот собиқ раҳбарлари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб Коррупцияга қарши курашиш агентлигига йўллаган мурожаати ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган федерация фаолияти билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар агентлик томонидан ўрганиб чиқилиб, унинг якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилган эди.

Ушбу ҳужжатлар асосида Бош прокуратуранинг бошқа мутасадди идоралар билан ўтказган текширувлари натижасида Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси мансабдор шахслари ва бошқалар расмий ҳужжатларга сохта ёзув киритиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилганлиги маълум бўлди.

Хусусан, 2020−2021 йилларда ўтказилган 10 та ўқув йиғинларида 49 нафар спортчи амалда қатнашмаган ҳамда меҳмонхона хизматидан фойдаланмаган бўлса-да, иштирок этганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 403 млн сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган.

Спортчилар томонидан ишлатилмаган 64 турдаги 78,5 млн сўмлик дори воситалари ҳам талон-торож қилинган.

Шунингдек, спорт зал ижарага олинганлиги тўғрисида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 128 млн сўм маблағлар амалда спорт залига эга бўлмаган меҳмонхонага ўтказилиб, ўзлаштирилган.

Шу каби 2021 йилда ўтказилган 3 та спорт мусобақалари қатнашувчилари томонидан тўланган 150 млн сўм бадал пуллари кирим қилинмаган.

Бундан ташқари, меъёрий ҳужжатлар талабаларига зид равишда карате бўйича жаҳон чемпиони Достон Отаболаевга тренерлик қилмаган У. Б.га давлат бюджетидан асоссиз равишда 6 минг АҚШ доллари тўланишига эришилиб, бюджет маблағлари ўзлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан федерация мансабдор шахслари ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-модданинг 2-қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

2019 йилнинг январида Миллий олимпия қўмитаси Миллий карате федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасов тўртинчи бор жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берганэди. Кейинроқ Бош прокуратура МОҚнинг уни ўзлаштириш ва товламачиликда айбланаётгани ҳақидаги баёнотини рад этди. Нурхон Нафасов суд орқали МОҚнинг уни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарори бекор қилинишига эришди ва 2020-йил октябр ойида федерация раҳбари лавозимига тикланди.