Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Нурхон Нафасовни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси (ЎКМФ) раҳбарлигидан ноқонуний бўшатилган деб топди ва уни лавозимга тиклаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди, дея хабар қилди Xabar.uz.

1996−2006 йилларда мазкур федерацияни бошқарган Нурхон Нафасов (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, қора белбоғ 6-ДАН соҳиби) ўн икки йиллик танаффусдан сўнг (2018 йил, май) яна Ўзбекистон КМФ раҳбарлигига сайланган эди. Бироқ орадан тўрт ой ўтмай, у лавозимдан четлаштирилиб, унинг ўрнига Аламжон Муллаев тайинланди.

Айтилишича, даъвогар судда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш талабини қўймаган.

Xabar.uz нашрининг қўшимча қилишича, жорий йил бошида Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг (эндиликда собиқ) раҳбари Аламжон Муллаев ва бошқа мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси («ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва талон-торож қилиш») аломатлари билан «иш» очилганди. Бугунга келиб, жиноят ишининг бир қисми суд муҳокамасига юборилган. Қолган қисми бўйича тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.