Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси тақдим этган маълумотлар асосида, 2018 йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Тергов жараёнида амалга оширилган тафтиш натижасида ноқонуний хатти-харакатлар тўғрисидаги бирламчи маълумотлар ўз тасдиғини топди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳусусан, Нурхон Нафасовнинг федерация раиси лавозимига тайинланган кун — 2018 йил 16 майдан бошлаб октябрь ойигача 125 миллион 557 минг сўмлик пул маблағини белгиланган тарзда (терма жамоа аъзолари, уларни мусобақаларга тайёрлаш ҳаражатлари) сарфлаш ўрнига, уларни мақсадсиз ва ортиқча ишлатганлиги, товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга йўл қўйилганлиги, спортчилардан бадал пулларини йиғиб олиб, федерация ғазнасига кирим қилинмаганлиги аниқланди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Миллий олимпия қўмитаси бундан кейин ҳам спорт федерация ва ассоциациялари фаолиятини жиддий назоратга олади ва у ерда аниқланган ноқонуний ҳаракатлар ҳамда турли қонунбузарликларга қарши тегишли ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда курашади.