Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, Ўзбекистонда 9 та янги музей ташкил этилади, улардан 7 таси Самарқанддаги «Музейлар квадрати»да жойлашади. Бу ҳақда бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилояти ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Самарқанд шаҳрида «Музейлар квадрати» фаолиятини йўлга қўяди.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, «Буюк ипак йўли — Ўзбекистон ва Хитойнинг олтин мероси» кўргазмаси, «Самарқанд — Ўзбекистон ва Россия минтақалари маданиятлари туташуви» кўргазмаси, «Классицизм» музейи, Тарихий фотосуратлар музейи, Заргарлик санъати музейи, Бадиий кўргазмалар зали, «Самарқанд» давлат музей-қўриқхонасининг филиаллари сифатида анъанавий либослар музейлари фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси филиали сифатида Замонавий санъат музейи ҳамда Урганч шаҳрида Ўзбекистон замонавий санъат музейининг филиали сифатида Лазги музейи ташкил этилади.

Қарордан кўзланган мақсад мамлакат музей тўпламларидаги бой тарихий ҳамда маданий меросни замонавий санъат платформасида тарғиб қилишдир, деди бош вазир ўринбосари.