Дунё ялпи ички маҳсулотининг қарийб учдан бир қисми дунё аҳолисининг ярмидан сал кўпроғи истиқомат қилувчи шаҳарларда тўпланган. Шаҳарларнинг ободлиги қишлоқ аҳолисини ўзига жалб қилади. Одамлар кўп тўпланадиган жойларда улар ўртасида кўпроқ ғоялар ва алоқалар, кўпроқ хизматлар ва пуллар мавжуд. Қолаверса, шаҳарларда таълим, тиббиёт, жамоат транспорти, кўнгилочар хизматлар даражаси яхши ривожланган, асосий инфратузилмалар — электр, сув, иссиқлик ва канализация билан яхши таъминланган бўлади.

Бу имтиёзлар қишлоқ аҳолисини шаҳарларга яқинлашишга ундайди. Бироқ, БМТнинг 2018 йилдаги маълумотларига кўра, Ўзбекистон шаҳарларида мамлакат аҳолисининг ярмидан бир оз кўпроғи истиқомат қилади. Жаҳон банкининг «Вақт келди: Ўзбекистон урбанизациядан қандай қилиб барқарор ривожланиш механизми сифатида фойдаланиши мумкин?» ҳисоботига кўра, худди шундай ривожланиш даражасига эга мамлакатларга қараганда бу нисбатан паст кўрсаткичдир.

2018 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг урбанизация даражаси бундан ҳам паст экани ва 35,5 фоизни ташкил этишини таъкидлаган эди. Бу 2014 йилдаги кўрсаткич бўлиб, БМТ ҳисоботига кўра, Осиё (48 фоиз) ва ҳатто Африка (40 фоиз) учун хос бўлган ўртача кўрсаткичдан паст ҳисобланади.

«Ҳозирдан бошлаб зарур чоралар кўрилмаса, ушбу кўрсаткич яқин келажакда пасайиши мумкин», — деган эди давлат раҳбари. У фақатгина пойтахт ва вилоят марказлари бўлган шаҳарларни эмас, аввало, ҳудудларда жойлашган шаҳар ва посёлкаларни комплекс ривожлантириш, 2030 йилгача урбанизация даражасини 60 фоизга етказиш бўйича топшириқ берди.

Урбанизация Ўзбекистон тараққиёти учун улкан имкониятлар яратади. Шаҳарларнинг ўсиши бутун мамлакат иқтисодиётини юксалтириши ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаши мумкин. Иқтисодчилар Беҳзод Ҳошимов ва Нуриддин Икромов ҳар қандай маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш кўламини ошириш орқали самаралироқ бўлишини таъкидлаган эди. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда иш жойларини эгаллаши мумкин бўлган потенциал ишчилар мавжудлиги туфайли ишлаб чиқариш кўламини ошириш осонроқ.

урбанизация, шаҳар

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Шаҳарлар корхоналарга мутахассисларни ёллаш, логистика, келишувларни амалга ошириш ва бизнес юритишни осонлаштиради. Баъзи фаолиятлар фақат катта шаҳарларда фойда келтиради. Концерт заллари, кўргазма мажмуалари аҳоли зичлиги юқори жойлардагина самарасини беради. Қайнаётган шаҳар ҳаёти бюджетга кўпроқ солиқ тушумларини олиб келади ва унинг фуқаролари учун гарт-шароитларни оширишга имкон яратади.

Глобал тажриба шуни кўрсатсоқдаки, урбанизация даражасининг пастлиги қишлоқ аҳолиси шаҳарларга кўчиб ўтишни истамаслигини англатмайди, ахир одамлар яхшироқ ва фаровон яшашга интилади-ку. Аксинча, бу одамларнинг иқтисодий ривожланиш марказларига борадиган йўлидаги тўсиқлар ҳақидаги сигналдир.

Жаҳон банки мутахассислари Ўзбекистондаги самарасиз урбанизация сабаблари ва барқарор шаҳар иқтисодий ўсишига тўсиқлар бўйича тадқиқот ўтказди. «Газета.uz» «Вақт келди: Ўзбекистон урбанизациядан қандай қилиб барқарор ривожланиш механизми сифатида фойдаланиши мумкин?» ҳисоботининг қисқача шарҳини тақдим этади.

Ўзбекистон шаҳарлари қандай ривожланмоқда?

1960 йиллардан 2008 йилгача Ўзбекистонда урбанизация жараёни Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга қараганда тезроқ кечди. Бироқ сўнгги йилларда шаҳарлар ва мамлакат аҳолисининг ўсиши давом этаётганига қарамай, шаҳар аҳолиси улушининг камайиши кузатилмоқда.

урбанизация, шаҳар

Манба: Жаҳон банки «Вақт келди: Ўзбекистон қандай қилиб урбанизациядан барқарор ривожланиш механизми сифатида фойдаланиши мумкин?»

2010 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистон аҳолиси 20 фоизга ошган. Қишлоқ аҳолиси шаҳарларга қараганда, кичик шаҳарлар аҳолиси эса йирик шаҳарларга қараганда тезроқ ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, мамлакатдаги кичик шаҳарларнинг деярли 80 фоизи 100 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган шаҳардан 50 км узоқликда жойлашган.

Энг тез ривожланаётган жамоаларнинг аксарияти функционал жиҳатдан йирик шаҳарларнинг бир қисмидир. Шаҳар атрофи зичлиги ошиб, шаҳар даражасига етмоқда. Бир нечта кичик аҳоли пунктлари ва марказдаги катта шаҳар биргаликда улкан урбанизациялашган ҳудудни шакллантирмоқда. Расмий статистик маълумотларга кўра, ушбу юқори тузилма аҳолисининг фақат бир қисми шаҳарликлардир.

Жаҳон банки тадқиқотида қайд этилишича, шаҳар аҳолиси улушининг камайиши Ўзбекистоннинг деурбанизация белгиси эмас. Аксинча, ҳозирги урбанизация нотўғри тушунилади ва мутлақо етарлича баҳоланмаяпти, чунки расмий шаҳар чегаралари шаҳарларнинг ҳақиқий ҳажмини акс эттирмайди. Шу сабабли, Жаҳон банки шаҳар ҳудудларини БМТ томонидан тасдиқланган GHS (Global Human Settlement) методологияси — тармоқли аҳоли маълумотлар базаси бўйича кўриб чиқишни таклиф қилади.

Қуйидаги расмда шаҳар қурилишлари доғлар кўринишида йирик шаҳарлар атрофида қандай тўпланганлиги акс эттирилган. Бундай ривожланиш асосан хусусий якка тартибдаги турар-жой бинолари билан ифодаланади ва аҳоли зичлиги паст бўлган жойларнинг тарқалишига олиб келади.

урбанизация, шаҳар

Манба: Жаҳон банки «Вақт келди: Ўзбекистон қандай қилиб урбанизациядан барқарор ривожланиш механизми сифатида фойдаланиши мумкин?»

Шаҳар ривожланишининг ушбу тенденцияси ҳудудларнинг транспорт алоқаси пастлиги, аҳолини инфратузилма билан таъминланмаганлиги, таълим, тиббиёт, кўнгилочар ва бошқаларга етишишнинг қийинлиги каби муҳим камчиликларга эга.

урбанизация, шаҳар

Манба: Жаҳон банки «Вақти келди: Ўзбекистон қандай қилиб урбанизациядан барқарор ривожланиш механизми сифатида фойдаланиши мумкин?»

Урбанизациянинг ҳақиқий манзараси Ўзбекистон шаҳарларининг тез суръатлар билан ўсиб бораётганини кўрсатади. Урбанизация даражасини шаҳарларнинг ривожланиш жойлари бўйича баҳолаш Ўзбекистонда бу кўрсаткич 85 фоиздан ошиши мумкинлигини кўрсатади. Катта эҳтимол билан бу рақам ҳаддан ташқари оширилган, дейилади Жаҳон банки тадқиқотида. Аҳолини рўйхатга олиш бўйича янгиланган маълумотлар йўқлиги сабабли урбанизациянинг тўлиқ манзараси номаълумлигича қолмоқда. Бироқ, расмий статистика ва GHS натижалари ўртасидаги бундай чуқур тафовут, расмий статистика урбанизация манзарасининг қисман акс эттиришидан далолат беради.

Аҳолининг шаҳар атрофларида тўпланиши фақат Ўзбекистонга хос эмас. Худди шундай манзара ривожланаётган мамлакатларда, масалан, Жанубий Америкада ҳам кузатилмоқда. Бу ҳодиса «яширин урбанизация» деб аталади. Унинг сўзларига кўра, шаҳарлар тобора ўсиб бормоқда ва сиқишмаяпти. 15 йил давомида Тошкент шаҳри аҳолиси 10,9 фоизга, зичлиги эса атиги 2,2 фоизга ўсди. Шу билан бирга, Ашхобод, Олмаота ва Душанбеда аҳоли зичлиги 26−36 фоизга ошган.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда шаҳарлар ўсишини бошқариш ёмон эканлигидан далолат беради. Глобал амалиёт шуни кўрсатадики, ёмон бошқариладиган урбанизация инсон фаровонлиги даражасининг ошишига олиб келмайди.

Ўзбекистон шаҳарлари иқтисодиёти

Шаҳарлар иқтисоди ўсишига урбанизациянинг ўзи эмас, балки унга ҳамроҳ бўлган таъсир ҳисобланади. Асосий ролни одамлар ва капиталнинг ҳаракатчанлиги, ер ресурсларини қайта тақсимлашнинг қулайлиги ва шаҳарни бошқариш сифати ўйнайди. Шаҳарлар иқтисоди ўсиши учун давлат сиёсати ва маҳаллий даражадаги бошқарув шаҳарлар ўсишидан фойда олишга олиб келиши, кўчиб ўтишларнинг салбий оқибатлари пасайиши керак.

урбанизация, шаҳар

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

Бошқача қилиб айтганда, бизнес учун шаҳарларда ишлаш фойдалидир, чунки уларда потенциал ходимлар, етказиб берувчилар мавжуд, корхоналар томонидан инфратузилмалардан фойдаланиш арзонроқ. Аммо агар шаҳарлар бетартиб ривожланса, асосий инфратузилмани сақлаш ва ривожлантириш учун давлат инвестициялари етарли бўлмаса, урбанизациянинг салбий оқибатлари кучайиб, шаҳарлар камроқ пул олиб келади. Тирбандликлар, электр энергиясидаги узилишлар, ишончсиз сув таъминоти — буларнинг барчаси хусусий сармояни тўхтатади ва бизнесни йўқотишга олиб келади.

Урбанизация иқтисодий ўсиш билан боғлиқ бўлган мамлакатларда (Бразилия, Туркия, Малайзия) аҳолиси 100 минг кишидан ортиқ бўлган шаҳарларнинг ялпи ички маҳсулоти даражаси умуммиллий кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқори. Бу шаҳар иқтисодиётининг ўсиши урбанизациялашган мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатишини англатади.

урбанизация, шаҳар

Манба: Жаҳон банки «Вақти келди: Ўзбекистон қандай қилиб урбанизациядан барқарор ривожланиш механизми сифатида фойдаланиши мумкин?»

Инсониятнинг деярли бутун тарихи давомида дунё аҳолисининг кўп қисми (ҳатто 1800 йилда — 97%) қишлоқ жойларда яшаган. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар жараёнининг бошланиши ҳамиша бир хил сценарий асосида бўлиб келган. Дастлаб аҳолининг катта қисми қишлоқ хўжалигида банд эди. Ишчи кучининг асосий қисми кам малакали бўлиб, ўртача иш ҳақи нисбатан паст эди.урбанизация, шаҳар

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Аммо қишлоқ хўжалигида технологияни қўллаш қўл меҳнатига бўлган талабни камайтирди, шу бир бир қаторда ҳосилдорлик ўсди. Қишлоқ даромадларининг ошиши шаҳарларда кўпроқ тўпланган товарлар ва хизматларга талабни келтириб чиқарди. Хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаларининг ўсиши қишлоқ хўжалигидан шаҳарларга кўпроқ ишчи кучини жалб қилди. Одамларнинг куч-қуввати ва малакаси янада самарали иқтисодиёт турларига тўпланди, шунинг учун иқтисодиёт ва аҳоли даромадлари ўсди.

Жаҳон банки ҳисоботига кўра, юқори даромадли мамлакатларда 2020 йилда аҳолининг атиги 3 фоизи қишлоқ хўжалигида, 64 фоиздан ортиғи эса хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган. Ўзбекистонда эса 2019 йилда қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 1996 йилга нисбатан юқори бўлди. 2019 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида қишлоқ хўжалигининг улуши беш баравар, хизматлар улуши эса шу даврда Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланишнинг юқори даражасига эришмаган бошқа давлатларидаги ўртача кўрсаткичнинг деярли ярмини ташкил этди.

урбанизация, шаҳар

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Ҳатто пойтахт иқтисодиётида хизматларнинг улуши ривожланиш даражаси ўхшаш шаҳарлар орасида энг паст ва ҳатто Бишкек ва Душанбедагидан ҳам пастроқдир.

Тадқиқотда айтилишича, Ўзбекистон шаҳарларида жон бошига ЯИМ улуши қўшниларига қараганда паст. Шаҳар иқтисодиёти унумдорлиги Марказий Осиё шаҳарлари учун ўртача кўрсаткичдан паст, Европа шаҳарлари учун ўртача кўрсаткичдан эса сезиларли даражада паст. Пойтахт Ўзбекистон шаҳарлари орасида ҳосилдорлик бўйича энг яхши кўрсаткичлардан бирига эга бўлишига қарамай, Марказий Осиё шаҳарларининг камида ярми Тошкент шаҳрига қараганда самаралироқ.

Ички миграцияни чеклаш шаҳар ўсишини тўхтатади

Шаҳарлар юқори маҳсулдорлик марказларидир. Аҳоли зичлиги юқори бўлган агломерацияларда кўпаяди, чунки ишчи кучининг яқинлиги уларнинг афзаллиги ҳисобланади. Бироқ бу қонуният Ўзбекистонда тўлиқ ишламайди, чунки аҳоли ва тадбиркорлик фаоллиги юқори бўлган жойларда жисмоний шахслар ва фирмалар харажатларини камайтириш ҳисобига эришиладиган агломерация иқтисодиёти — иқтисодиёт туридан фойда олишга тўсқинлик қилувчи омиллар мавжуд; шаҳарларда инфратузилма, транспорт ва хизматлар нархи ушбу ресурсларни кўп сонли фойдаланувчилар ўртасида тақсимлаш ҳисобига пасаяди.

Ўзбекистонда шаҳарлар зичлиги 1 фоизга ошса, уларнинг самарадорлиги 0,67 фоизга пасайган бўлса, халқаро кўрсаткичлар орасида зичликнинг ўртача 1 фоизга ошиши самарадорликнинг 0,47 фоизга ошишига олиб келади, дея гувоҳлик бермоқда Жаҳон банки ҳисоботи.

Ўзбекистонда қўшни давлатларга нисбатан кўпроқ ўрта ва йирик агломерациялар мавжуд. 1 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган агломерациялар орасида Тошкент, Андижон, Қўқон, Самарқанд, Қорасув-Хўжобод, Денов ва Наманган шаҳарлари бор. Бундай бир қатор йирик агломерациялар ривожланиш учун катта имконият сифатида баҳоланиши керак. Аммо бу ҳудудларнинг муваффақияти уларнинг аҳолиси учун яратилган шароитларга боғлиқ.

Тошкент иқтисодиёти Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига қараганда анча кучли. Қолаверса, пойтахт ва бошқа шаҳарлар иқтисодиёти ўртасидаги тафовут қўшни давлатларнинг пойтахти ва бошқа шаҳарларига қараганда чуқурроқдир. Бу Тошкентда имкониятлар кўпроқ эканидан далолат беради, шунинг учун шаҳар ички мигрантлар учун оҳанрабо бўлиши керак.

Ўрта ва паст даромадли Европа ва Марказий Осиё давлатларида энг йирик агломерация иккинчи йирик агломерацияга қараганда тахминан 70 фоиз кўпроқ аҳолига эга. Ўзбекистонда Андижон ва Қўқон агломерациялари пойтахтдан мос равишда 36 фоиз ва 47 фоизга кичикдир. Энг йирик шаҳар марказлари ўртасидаги бундай кичик фарқ қишлоқ жойларда туғилишнинг юқори даражаси ва миграцияни чеклайдиган шароитларнинг натижаси бўлиши мумкин.

Прописка тизимининг оқибатлари — заиф урбанизациянинг асосий сабаби

Тошкент Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига нисбатан юқори маҳсулдорликка қарамай, сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистондаги энг секин ривожланаётган маъмурий ҳудудлардан бири бўлди. Бу қаттиқ прописка режимининг натижаси эди.

1999 йилги хуружлардан кейин пойтахтга кўчиб ўтишга чекловлар кучайтирилди ва аҳолининг ўсиш суръати бошқа шаҳарларга қараганда анча паст эди. 2011 йилда аҳоли сонининг кескин ўсиши рўйхатга олинган фуқароларнинг қонунийлаштирилиши билан боғлиқ эди. 2012 йилда янги миграция чекловлари кучга кирди, бу эса аҳоли ўсиш суръатини яна пасайтирди. 2016 йилда айрим чекловларнинг бекор қилиниши аҳоли сонининг кўпайишига олиб келди.

урбанизация, шаҳар

Бундай динамика шуни кўрсатадики, прописка миграцияга жиддий тўсиқ бўлган. Шундай экан, Ўзбекистоннинг энг йирик агломерацияси аҳолиси иккинчи йирик шаҳар ҳудудига қараганда атиги 36 фоизга кўп, Европа ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида эса бу фарқ икки баравар катта.

Тошкент шаҳрида прописка тизимининг тўлиқ қўлланилиши натижасида вақт ўтиши билан ушбу шаҳарда яшовчи республика аҳолиси салмоғи камайиб бораётган бўлса, бошқа мамлакатларда бу кўрсаткич ортиб бормоқда. 1960-йиллардан бошлаб Тошкентда истиқомат қилувчи Ўзбекистон аҳолиси салмоғи икки баробардан кўпроқ камайди. Энг муҳими, бу пасайиш 1991 йилдан кейин намоён бўлган бўлса, Қозоғистон ва Қирғизистонда бунинг акси кузатилмоқда. Агар миграция тўсиқлари бўлмаганида, Тошкент икки баробар катта, икки баробар бой бўларди.

Сўнгги йилларда айрим чекловлар олиб ташланганига қарамай, кўплаб респондентлар, Жаҳон банки маълумотларига кўра, тиббий ва таълим хизматларидан, шунингдек, ижтимоий хизматлардан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Каттароқ шаҳарда рўйхатдан ўтолмаган муҳожирлар эса кўчиб, рўйхатдан ўтмасдан яшайди. Улар расмий статистик маълумотларга киритилмаган, шунинг учун шаҳарларнинг ҳақиқий аҳолиси, айниқса, энг йирикларида етарлича баҳоланмаслиги мумкин.

урбанизация, шаҳар

Манба: Жаҳон банки «Вақт келди: Ўзбекистон урбанизациядан қандай қилиб барқарор ривожланиш механизми сифатида фойдаланиши мумкин?»

Жаҳон банки тадқиқотига кўра, миграцион тўсиқлар мигрантларни рўйхатдан ўтмасдан янги жойларга жойлашишга ундаса ҳам, Ўзбекистондаги ички миграциянинг тахминий даражаси дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Миграция, бу — нафақат шаҳарларнинг иқтисодий ўсишини ошириш, балки қашшоқликдан қутулиш воситаси ҳамдир. Бироқ Ўзбекистон шаҳарларида камбағаллик даражаси пастроқ бўлишига қарамай, улар ҳали ҳам хизматлардан етарлича фойдаланиш имкониятини таъминламаяпти. Таълим ва соғлиқни сақлашдан тортиб то кўнгилочар хизматларгача — уларнинг мавжудлиги мигрантлар учун муҳим турткидир.

Катта шаҳарларда аҳоли зичлиги юқори бўлганлиги сабабли давлат хизматларини кўрсатиш нархи паст. Хусусий хизматларнинг хилма-хиллигини бозорнинг ўзи белгилайди. Тошкент бошқа шаҳарларга қараганда анча арзон хизматларни таклиф этади. Аммо яна бир нарса қизиқ: аҳолиси 500 минг кишидан ортиқ бўлган шаҳар ва агломерацияларда соғлиқни сақлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш даражаси жуда паст.

урбанизация, шаҳар

Манба: Жаҳон банки «Вақт келди: Ўзбекистон урбанизациядан қандай қилиб барқарор ривожланиш механизми сифатида фойдаланиши мумкин?»

Шаҳар атрофи аҳолининг энг тез ўсишини таъминлайди, аммо шаҳар атрофидаги аҳолига давлат ва хусусий хизматлар етарли даражада кўрсатилмайди. Бу, қоида тариқасида, одатий эмас, лекин марказлар ва перифериялар (марказдан узоқдаги жойлар ва ташкилотлар — тарж.) ўртасидаги фарқ сезиларли даражада.

Иммиграция чекловлари шаҳарларнинг тарқалишини қандай кучайтиради

Мигрантлар йўлидаги яна бир тўсиқ — бу янги уй-жойларнинг етарли даражада таъминланмаганлиги ва унинг нархи. Кўпчилик мигрантлар учун, айниқса, Тошкентда ижарага олиш имкони йўқ. 2018 йилда битта оилага тўғри келадиган умумий уй-жойлар сони 0,943 тани ташкил этган бўлса, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 0,862 тани ташкил этди. Натижада, уй-жой нархи кўтарилди. Ўзбекистонда мамлакатнинг ўртача аҳолиси учун уй-жойга эга бўлиш имконияти Нью-Йоркдаги ўртача америкаликникига қараганда камроқ. Бу қурилишдаги баъзи қонуний ва ноқонуний тўсиқлар билан боғлиқ.

Одатда, шаҳарларнинг кенгайиши миграциянинг юқори даражаси ва одамларнинг чекка ҳудудларга жойлашиши билан боғлиқ. Лекин Ўзбекистонда ҳаммаси бошқача. Миграция тўсиқлари туфайли мигрантлар шаҳар чеккасида жойлашишни афзал кўради. Шаҳар атрофидаги ҳудудларнинг ривожланиши асосан тасодифий пайдо бўлган якка тартибдаги турар-жой бинолари билан ифодаланади. Қурилишга бундай ёндашув кўчаларни комплекс ташкил қилишдаги мураккаблик сабабли шаклланган. Шаҳар чеккасида йўл ва кўчалар етишмайди, жамоат транспорти қатнови кам, хизмат кўрсатиш даражаси паст.

Шаҳарлар ва чекка ҳудудлар ўсиб бориши билан Ўзбекистонда кўчалар зичлиги ошмайди. Бу йўл тармоғини тўғри режалаштирмасдан ва ривожлантирмасдан шаҳарларни кенгайтириш ва бирлаштиришга олиб келаётган тартибсиз ва тизимсиз ўсиш мавжудлигини яна бир бор тасдиқлайди.

урбанизация, шаҳар

Шаҳар атрофи катта шаҳар йўналиши бўйича ўсади, бунинг натижасида агломерация контурлари юмалоқлигини йўқотади ва энг кам самарали шаклга — саккизоёқ кўринишига эга бўлади. Ушбу шакл иқтисодий жиҳатдан самарасиз, чунки одамлар керак бўлган шаҳарнинг турли нуқталари орасидаги масофа жуда катта, бу эса аҳолининг харажатларини оширади. Улар йўлга кўпроқ вақт, ёқилғига кўпроқ пул сарфлашади ва кўпроқ углерод чиқиндилари чиқади. Бундан ташқари, одамларнинг бир-бири билан мулоқот қилиш эҳтимоли камроқ бўлиб, умумий ҳаёт сифати аҳолининг ижтимоий имтиёзлар — мактаблар, боғлар, шифохоналар билан нотекис қамраб олинишини ёмонлаштиради.

Шу билан бирга, шаҳарлар аҳолисининг зичлиги нисбатан пастлигича қолмоқда. Шаҳар ерларидан етарлича фойдаланилмаяпти, қурилиш зичлиги ҳамда агломерация иқтисодиёти пасайиб бормоқда: маҳаллий ҳукуматлар инфратузилмани аҳоли кам яшайдиган шаҳар атрофи ҳудудларигача кенгайтириш мақсадида харажатларни оширади. Аммо инфратузилмани модернизация қилиш учун маблағ олиш тартиби қийин бўлганлиги сабабли, умумий ҳаёт сифати пасаяди.

Жаҳон банкининг Қирғизистонда ўтказган тадқиқоти шуни кўрсатдики, аҳоли зичлиги юқори бўлган ҳудудларда хизматлар кўрсатиш нархи паст зичликдаги ҳудудларга қараганда тахминан 50 фоизга арзон.

урбанизация, шаҳар

Манба: Жаҳон банки «Вақти келди: Ўзбекистон қандай қилиб урбанизациядан барқарор ривожланиш механизми сифатида фойдаланиши мумкин?»

Аниқлик учун Барселона ва Атлантанинг транспорт углерод чиқиндиларини кўриб чиқинг. Бу шаҳарлар аҳоли сони бўйича бир-бирига ўхшашдир. Атлантанинг ривожланиш майдони Барселонаникидан деярли 27 баравар катта. Натижада Атланта транспортида углерод чиқиндилари 10 баравар юқори. Аҳолини сув, электр, иссиқлик таъминоти, канализация, йўллар билан таъминлаш Атлантага аҳоли жон бошига анча қимматга тушади: қувурлар ва электр кабелларини кўпроқ тортиш, кўпроқ асфальт ётқизиш керак. Катта инвестициялар билан бир қаторда, узатиш пайтида сув ва электр энергиясининг катта йўқотишлари ҳам мавжуд. Бундан ташқари, аҳоли зичлигининг пастлиги одамларнинг индивидуал транспортга боғлиқлигини оширади, чунки жамоат транспорти иқтисодий жиҳатдан камроқ фойда келтиради.

урбанизация, шаҳар

Фото: Нодира Сулаймонова.

Баъзи экспертлар аҳоли зичлигининг пастлиги ва шаҳарларнинг кенгайишини одамларга яшашни хоҳлаган шароитни танлаш имконини берувчи жараён сифатида кўришади. Баъзи мамлакатларда кам қаватли шаҳарларнинг кенгайиши иқтисодий ўсиш натижаси бўлиши мумкин. Бу, агар уй хўжаликлари инфратузилма харажатлари ва эксплуатацион харажатларини қопласа, бошқа имкониятлар мавжуд бўлса, шаҳар чеккасида яшаш уларнинг танлови бўлса, тўғри.

Бироқ Ўзбекистон мисолида одамларда бундай танлов борми, деган саволни бериш керак. Бу кенгайишлар ҳаёт сифатининг яхшиланишини кафолатлайдими? Шаҳар инфратузилмаси билан қамраб олиш даражаси етарлими?

Ўзбекистонда шаҳарларнинг ҳозирги ўсиш суръати экин майдонларининг сезиларли даражада йўқолишига олиб келади. Жаҳон банки прогнозларига кўра, агар яқин 30 йил ичида Ўзбекистоннинг 10 та энг йирик агломерацияси (Тошкент, Наманган, Нукус, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Андижон, Қўқон, Фарғона ва Марғилон) 2010−2015 йиллардаги каби ўсиш суръатларини сақлаб қолса, 2050 йилда 272 кв. км экин майдонлари ёки йилига 1252 тонна ғалла ёки 12216 тонна сабзавот етиштириш йўқотилади.

урбанизация, шаҳар

Шу билан бирга, асосий ўсиш модели сифатида зичроқ шаҳарларга ўтиш 2050 йилга келиб 1,2 млрд доллардан кўпроқ маблағни тежаш имконини беради — бу фақат инфратузилма қурилиши (сув таъминоти, канализация, йўллар ва энергетика инфратузилмаси) нуқтаи назаридан, операцион харажатларни ҳисобга олмаганда.

Бироқ мақсад барча янги якка тартибдаги уй-жой қурилишларини кўп қаватли бинолар билан алмаштириш бўлмаслиги керак. Ўртача зичликни босқичма-босқич ошириш талаб этилади. Бунинг учун шаҳарсозликни кўп қаватли ва ўрта қаватли бинолар билан диверсификация қилиш кифоя, бу эса ердан янада самарали фойдаланишга олиб келади.

Миграция учун илгари мавжуд бўлган маъмурий тўсиқлар аҳолининг Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб тақсимланишини бозор жараёни бера олмайдиган даражада шакллантирди. Чекловлар олиб ташланиши билан кўплаб аҳоли йирик шаҳарларга, биринчи навбатда, Тошкентга йўл олади. Бунга ижобий муносабатда бўлиш керак, чунки шаҳар ва одамлар ўз имкониятларини очади. Бироқ шаҳарлар келаётган аҳолини қабул қилишга тайёр бўлиши керак: инфратузилма, уй-жой, хизматлар, бўш иш ўринлари, шунингдек, шаҳарни бошқариш кўникмаларига эга бўлиши лозим.

Ўзбекистон шаҳарларининг кенгайиши шаҳарсозлик бошқарувидаги асосий кўзга ташланадиган камчиликлардан биридир. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши ортиб бормоқда, хизматлар ва иш жойларидан фойдаланиш қийинлашмоқда. Аммо нега шаҳар ўсиши учун зичлик ўрнига кенгайиш асосий моделга айланди? Қандай тўғридан-тўғри чекловлар ва рағбатлантиришлар бунга олиб келди ва улар қандай тизимли муаммоларни келтириб чиқармоқда — «Газета.uz» Жаҳон банки ҳисоботининг навбатдаги таҳлилида.