Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни парламентга анъанавий мурожаатида мамлакатда урбанизация даражасини 2030 йилгача 60 фоизга етказиш зарурлиги тўғрисида маълум қилди.

У тегишли давлат дастурини ишлаб чиқишга топшириқ бериб, мазкур йўналишга бош вазир Абдулла Ариповни шахсан масъул этиб тайинлади.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг урбанизация даражаси 35,5 фоизни ташкил этади ва ҳозирдан бошлаб зарур чоралар кўрилмаса, ушбу кўрсаткич яқин келажакда пасайиши мумкин, деди давлат раҳбари.

«Бу борада фақат пойтахт ва вилоят марказлари бўлган шаҳарларни эмас, аввало, ҳудудларда жойлашган шаҳар ва посёлкаларни комплекс ривожлантириш, эътибор марказида туриши керак. Қишлоқ жойларда намунавий уй-жойлар қуриш дастурларидан босқичма-босқич шаҳар ва посёлкаларда кўп қаватли уйлар қуришга ўтишимиз лозим», — деди президент.

Коммунал-муҳандислик инфратузилма ҳам уй-жойларни қуриш дастурлари билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланиши даркор, деди у.

Шу билан бирга, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун махсус жамғарма тузилади.

«Бинолар ва иншоотлар жойлашган ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ана шу жамғармада тўпланади. Биз бу янги тизим орқали ҳудудларимиз қиёфасини янада обод қилишга ва аҳоли фаровонлигини оширишга эришамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.