8 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абэ суиқасд натижасида вафот этгани муносабати билан Япония императори Нарухито ва бош вазири Фумио Кисидага ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

«Таъзияномада жаноб Абэнинг стратегик дастурлари ва инновацион ташаббуслари Япониянинг барқарор ривожланишига, мамлакатнинг халқаро муносабатлар ва жаҳон иқтисодиёти тизимидаги ролини янада кучайтиришга хизмат қилгани қайд этилган», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Синдзо Абэнинг Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, стратегик шериклик алоқаларини кенгайтириш борасидаги шахсий хизматлари доимо юксак қадрланиши таъкидланган. Президент шунингдек, марҳумнинг рафиқаси ва барча яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этган.

Жума куни Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэ Нара шаҳрида парламент сайловлари кампанияси чоғида ўтказилган митингда нутқ сўзлаётганида суиқасд оқибатида 67 ёшида вафот этди.

Полиция томонидан унга ўқ узганликда гумонланган шахс қўлга олинди. У Нара шаҳрида яшовчи 41 ёшли фуқаро эканлиги маълум бўлди. Nikkei нашрининг ёзишича, у ов милтиғи билан сиёсатчининг орқа қисмига ўқ узган.

Синдзо Абэ 2006−2007 ва 2012−2020 йилларда Либерал-демократик партиядан бош вазир лавозимида ишлаган. Бу Япония тарихидаги ҳукумат раҳбари лавозимидаги энг узоқ муддатдир. Собиқ сиёсатчи 2020 йилнинг август ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли истеъфога чиқди.

Абэ Ўзбекистонга 2015 йил октябрь ойида ташриф буюрганди. У ўша пайтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Тошкентда реконструкция қилинган Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг очилишида қатнашганди.