Жума куни Сенатнинг 28-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Нарбаева Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Сенат раиси Нукусдаги одамлар қурбон бўлишига олиб келган намойишлар Конституцияга киритилган ўзгартиришлар (улар орасида Қорақалпоғистоннинг мақоми тўғрисидаги ўзгартиришлар ҳам бор эди, президентнинг аралашувидан кейин улар бекор қилинган) муҳокамаси фонида юз берганини таъкидлади ва «Содир бўлган бу ҳолатда ҳаммамиз ўзимизга тўғри хулоса чиқаришимиз ва ўз ишимизни қайта кўриб чиқишимиз керак», деди.

«Аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммо ва масаланинг катта ва кичиги бўлмайди. Уларнинг ҳар бирини ечими муҳимдир. Ҳар қандай кичик деб қаралган масала ўз ечимини топмаган тақдирда, албатта бир куни катта муаммога айланади», — деди Танзила Нарбаева.

«Халқ вакиллари сифатида бундай ҳолатга йўл қўйилмаслиги учун биринчи навбатда биз масъулмиз!», — дея қайд этди ва такрорлади: «Ўз ишимизни танқидий қайта кўриб чиқишимиз лозим».

У барча сенаторлар номидан Қорақалпоғистондаги воқеаларда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, даволанаётган фуқарорларнинг тезроқ соғайиб кетишинии тилади.