5 июль куни АҚШ Давлат департаменти спикери Нед Прайс 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан баёнот берди.

«Қўшма Штатлар Қорақалпоғистондаги сўнгги воқеалар юзасидан хавотирини билдириб, барча тарафларни зўравонликдан тийилиб, зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этишга чақиради», — дейилади баёнотда.

«Қурбонларнинг оилаларига таъзия билдирамиз. Биз шунингдек, жароҳат олганларга ҳам ўзимизнинг ҳамдардлигимизни билдирамиз», — деди Нед Прайс.

У АҚШ «Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши» ва ҳукуматни «инсоннинг барча фундаментал ҳуқуқларини, шу жумладан Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ, тинч йиғилиш ва фикр билдиришн эркинлигини ҳимоя қилишга» чақиришини баён қилди.

«Биз расмийларни зўравонликлар бўйича халқаро меъёр ва илғор тажрибаларга мос келадиган тўлиқ, ишончли ва шаффоф тарзда тергов ўтказишга чақирамиз», — дея қайд этди Давлат департаменти вакили.

У сўзининг якунида АҚШ «Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини» таъкидлади.