Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган намойишлар бўйича расмий баёнотини эълон қилди.

«Европа Иттифоқи Ўзбекистон Конституциясига таклиф этилган ўзгартиришлар эълон қилингани ортидан Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган зўравонлик воқеаларини очиқ ва мустақил равишда тергов қилишга чақиради. Биз одамлар орасида қурбонлар борлигидан чуқур афсусдамиз ва воқеалар ривожини яқиндан кузатишда давом этмоқдамиз», — дейилади баёнотда.

«Биз таклиф қилинган конституцион ўзгаришлар бўйича жамоатчилик хавотирларига президент Мирзиёев томонидан тезкор реакция билдирилганини эътироф этамиз. Биз барча томонларни вазият кескинлашуви ёки зўравонликлар давом этишининг олдини олиш учун ўз ҳаракатларида вазмин бўлишга чорлаймиз», — дея таъкидлайди Евроиттифоқ.

Европа Иттифоқи расмийларни Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ инсон ҳуқуқларини, жумладан сўз эркинлиги ва йиғилиш эркинлиги каби фундаментал ҳуқуқларни таъминлашга чақирди.

«Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан кучли ва ривожланиб бораётган ҳамкорлик муносабатларига эга. Биз Ўзбекистоннинг ислоҳотлар бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этамиз ҳамда ушбу ислоҳотлар жараёнини халқаро нормалар ва илғор тажрибалар асосида, фуқаролар ва манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашган ҳолда давом эттиришга чақирамиз», — дея қайд этилади баёнот сўнгида.

Олдинроқ президент Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқоти қилганлиги ҳақида хабар берган эдик. Шарль Мишель Нукусдаги намойишларда қурбон бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Қолаверса, у вазиятни баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.