Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати Ўзбекистон билан чегарадаги битта назорат-ўтказиш пункти иши вақтинчалик тўхтатилганини маълум қилди, деб ёзмоқда Tengrinews.kz.

«Ўзбек ҳамкорлардан олинган маълумотларга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб ахборот тизимидаги носозликлар туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги „Даут-ота“ (Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани — таҳр.) — „Тажен“ (Қозоғистоннинг Манғистау вилояти Бейнеу тумани — таҳр.) (автомобиль) назорат-ўтказиш пункти одамлар, транспорт воситалари ва юклар ўтиши учун вақтинча тўхтатилди», — дейилади Қозоғистон МХҚ хабарида.

«Худди шу маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон — Бейнеу йўналиши бўйлаб темир йўл қатновини тўхтатиш ҳам режалаштирилмоқда», — дейилади хабарда.

Назорат-назорат пунктлари ишининг тикланиши қўшимча равишда эълон қилинади, дея таъкидлади Қозоғистон МХҚ. Ушбу нуқталарда чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган фуқароларга ўз йўналишларини қайта режалаштириш тавсия этилади.