Июнь ойининг охирида Ўзбекистон аҳолиси ушбу йил бўйича биринчи жазирама ҳавони бошдан кечирди. Об-ҳаво ҳарорати 25 июндан бошлаб максимал даражада ортиб борди. Ўзгидромет июль ойида қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди.

27−28 июнь кунлари Ўзбекистоннинг шимоли ва чўл ҳудудларда, 29 июнда ҳудудларнинг катта қисмида иссиқ максимал даражага етди. Ушбу кунларда термометр устуни куннинг иккинчи яримида +40…+42 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +44…+46 даражагача кўтарилди.

Қизилқумнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати +47 даражага етиб, метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг юқори июнь ойи қийматларига яқинлашди. Хоразм вилоятида, Қорақалпоғистоннинг, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларининг айрим туманларида июнь ойи учун максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар ўрнатилди.

30 июнда республика ҳудудининг катта қисмида ҳароратнинг бироз пасайиши бошланди ва у 1 июль кунида ҳам давом этади. 2−3 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳарорат яна +40…+41 даражагача кўтарилади. Жанубнинг энг чекка қисмида ушбу кунларда ҳарорат +42…+45 даража оралиғида барқарор бўлади.

Кейинги кунларда эса Ўзбекистон аҳолисини нисбатан салқин ҳаво кутмоқда. 3 июлда шимолий ҳудудларда, 4−5 июль кунлари барча ҳудудлар бўйича ҳаво ҳарорати ёз фасли учун +30…+33 даража бўлган қулай қийматларгача пасаяди, сўнг бир неча кун давомида +34…+37, жанубда +38…+40 даража атрофида сақланиб туради.

Июль ойининг иккинчи ва учинчи декадасида ҳарорат асосан +35…+38 даража атрофида бўлиши, айрим кунлари баъзи жойларда +40…+42 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Июль ойида ёмғир ёғиш эҳтимоли кам, фақат тоғ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда 2−4 кун қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши мумкин.