Туркиянинг Эгридир шаҳрида ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилган «Энг илғор мерганлар жамоаси» номли халқаро мусобақада Ўзбекистон вакиллари иккинчи ўринни эгаллашди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Командо» ўқув маркази базасида бўлиб ўтган турнирда Германия, Баҳрайн, Қатар, Озарбайжон каби дунёнинг 12 давлатидан жами 33 та жамоа, Туркиянинг ўзидан эса денгиз махсус кучлари, қуруқликдаги махсус кучлари, махсус операциялар кучлари каби алоҳида қўшин турларидан жами 15 та жамоа иштирок этди.

«Кундузги ва тунги машғулотларни ўз ичига олган мусобақа беллашувлари 10 кун давомида ўтказилди. Ушбу халқаро мусобақанинг бошқа мерганлик мусобақаларидан фарқи шундаки, унда вертолёт ва қайиқда ҳам ҳаракат вақтида отиш машқлари бажарилди», — дейилади хабарда.


Шунингдек, мусобақанинг ҳеч бир босқичида лазерли масофа ўлчагичлардан фойдаланишга рухсат берилмади, мерганлар 1000 метр ва ундан ортиқ масофада бўлган нишонни оптик мосламалар ёрдамида аниқлаб, белгиланган вақт орасида уни яксон қилди.

Бундан ташқари, турнир иштирокчилари тунгги вақтда магнит азимути бўйича тоғли ҳудудда 6 соат давомида ҳаракатланиб, ноаниқ масофадаги нишонни яксон қилди.


«Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси вакиллари учун мусобақа ўтказилган ҳудуд буткул нотаниш, нишонлар ва машқлар ҳақида тўлиқ маълумотлар бўлмаса-да, ўзбекистонлик ҳарбийлар барча шартларни муваффақиятли бажариб, 12 та давлат жамоалари орасида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритишди. Биринчи ўрин мезбон давлат вакилларига насиб этди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлиги ва маҳорати турк ҳакамлари ҳамда мерганлари томонидан юқори баҳолангани қайд этилди.

Фото