27 июнда Полтава вилоятининг Кременчук шаҳридаги савдо марказига ракета ҳужумидан сўнг, 28 июнь куни Украина илтимосига кўра, БМТ Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. БМТ Бош котиби ўринбосари Розмари Дикарло йиғилишда маълум қилишича, Россия ракеталари зарбаси оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлган ва 59 киши жароҳатланган.

«Охирги марта, 5 апрель куни мен бу кенгашга (Буча аҳолисининг қирғин қилиниши ҳақида — таҳр.) хабар берганимда, Украина ва унинг халқига етказилган вайронагарчилик бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эмасдек туюлганди. Аммо сўнгги 10 ҳафта ичида кўп сонли Украина тинч аҳолиси ҳалок бўлди, аёвсиз ҳужумлар натижасида бутун бошли шаҳарлар вайронога айланди, мамлакат экин майдонларининг катта қисми артиллериядан ўққа тутилди», — дея Розмари Дикарлонинг сўзларидан иқтибос келтирди БМТ Ахборот хизмати.

У ушбу ҳодисани, шунингдек, «Киев, Чернигов, Одесса, Николаев, Харков ва фронт чизиғидан узоқда бўлган бошқа шаҳарларга ҳалокатли ҳаво ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган ёки яраланган кўплаб тинч аҳоли» ҳодисалари устидан Россияни тергов қилишга чақирди. Ҳозирда энг шиддатли жанглар Донбассдаги Северодонецк, Лисичанск ва Славянск шаҳарлари ҳудудида бўлиб ўтмоқда.

Харков ва Херсон шаҳарлари атрофида ҳам шиддатли жанглар кетаётгани хабар қилинмоқда. «Катта миқёсдаги артиллерия дуэллари саноат ҳудудларини вайрон қилмоқда, минглаб тинч аҳоли ертўлаларга яширинишга ёки қочишга мажбур. Ҳар икки томон ҳам катта ҳарбий йўқотишлар ҳақида хабар бермоқда», — деди Розмари Дикарло.

26 июнь ҳолатига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси Украинада 4731 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва 5900 нафари яраланганини қайд этган. Уларнинг кўпчилиги катта майдонни вайрон қилишга кўламига эга портловчи қурилмалардан жабрланган. Барча воқеалар БМТнинг Украина бўйича шу ой бошида мамлакатга биринчи миссияси, жумладан, Буча, Ирпен, Харьков ва Сумига қилган ташрифи якунлари юзасидан тузилган тергов комиссияси томонидан текширилмоқда.

Розмари Дикарлонинг таъкидлашича, Халқаро жиноий суд прокурори тергов комиссияси ва бошқа фактларни аниқлаш ҳаракатлари Украинадаги уруш пайтида содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни белгилаш учун зарур.

Украина президентининг нутқи

«Ушбу зарбани амалга оширганлар оддий савдо марказига, исталган мамлакатда мавжуд бўлган кўплаб савдо мажмуаларидан бирига ракета зарбаси бераётганини билмаган бўлиши мумкин эмас», — деди Украина президенти Владимир Зеленский видео орқали йўллаган мурожаатида.

У БМТ Хавфсизлик кенгашини Россиянинг Украинадаги жиноятларини тўхтатишга чақирди. «Россия қотилликларни тўхтатиши учун зудлик билан ҳамма нарсани қилишимиз керак. Давлат терроризм учун жавобгарликка тортилиши керак, акс ҳолда у террорчилик фаолиятини Европа ва Осиёнинг бошқа давлатлари — Болтиқбўйи мамлакатлари, Полша, Молдова, Қозоғистон ҳудудига ўтказиши мумкин — кўплаб давлатлар Россия расмий шахслари ва тарғиботчиларининг таҳдидларини эшитишган», — деди у.

Украина президенти Россия унинг мамлакатига қарши уруш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш ва овоз беришда қатнашиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтди. У «террорчи давлат делегациясини БМТ Бош Ассамблеясидаги ваколатларидан маҳрум этишга» чақирди ва Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашида қолишга ҳаққи йўқлигини қўшимча қилди.

Россия вакилининг муносабати

Россиянинг БМТдаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский «савдо марказига ҳеч қандай зарба берилмаганини» таъкидлади.

«Россия қуролли кучлари Кременчуг йўл транспорти заводи ҳудудидаги АҚШ, Европа ва Ғарбда ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар омборларига юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба берди. Ушбу қурол ва ўқ-дорилар Донбассдаги Украина қўшинлари гуруҳига Донецк, Луганск ва бошқа шаҳарлар турар-жойларини ўққа тутиш мақсадида ишлатиш учун омборхоналар бўйлаб тарқатилган. Россия қуролли кучларининг зарбалари бунинг олдини олишга имкон берди», — деди Дмитрий Полянский.

Унинг сўзларига кўра, узоқроқда жойлашган «Амстор» савдо марказига зарба берилмаган.

Қиш олдидан гуманитар инқироз

Розмари Дикарло Украина дунёдаги энг йирик одамлар қочқини инқирозини бошидан кечираётганини эслатди. Босқин бошланганидан бери аҳолининг чорак қисмидан кўпроғи — 12 млн киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Украина ичида 7,1 млндан ортиқ одам уй-жойини ташлаб кетган. Европада 5,2 млндан ортиқ украиналик қочқин бор. Уларнинг 3,5 млндан ортиғи вақтинчалик ҳимоя ёки шунга ўхшаш миллий ҳимоя дастурлари учун рўйхатдан ўтган.

24 февралдан буён Украина бўйлаб 8,8 млн нафардан ортиқ киши у ёки бу шаклда гуманитар ёрдам ва ҳимоя олди. Бугунги кунда, БМТ раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, камида 16 млн киши гуманитар ёрдамга муҳтож.

Гуманитар ташкилотлар мамлакатни қишга тайёрлашга ёрдам бериш режаси устида ишламоқда. Йил охиригача уларнинг эҳтиёжларини қондиришни таъминлаш учун август ойида тугайдиган тезкор чақириқ дастурини қайта кўриб чиқмоқда.