Охирги кунларда Ўзбекистон президенти раислигида бўлиб ўтган йиғилишларда мутасаддилар яна ниқобда кўриниш бермоқда. Буни давлат раҳбари матбуот хизмати тарқатган фотосуратлар тасдиқлайди.

Июнь ойининг ўрталаридан бошлаб мамлакатда аниқланаётган коронавирус ҳолатлари статистикаси ошгани кузатилмоқда, шу муносабат билан жамоатчиликда жамоат жойларида мажбурий ниқоб кийиш талабини қайтариш режалаштириляптими, деган савол туғилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Эпидемиология ва юқумли касалликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Рустам Икромов ушбу саволга қуйидагича жавоб берди: «Ҳозирча жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиб юриш бўйича Республика махсус комиссиянинг қарори келмади, бироқ соғлиқни сақлаш ва эҳтиёткорлик юзасидан тиббий ниқобларни тақиб юришни маслаҳат берамиз»

Унинг сўзларига кўра, айни дамда коронавируснинг омикрон штамми кўпроқ учрамоқда. «Касалликка чалинаётганлар орасида 90 фоизи — эмланмаган фуқаролар. Қолгани 10 фоизи эса вакцина олганига 1 йилдан кўп бўлган, иммунитети паст фуқаролар ёки ҳомиладор аёллар ва болалардир».

«Ҳозирга қадар рўйхатга олинган барча вакциналар ўз самарасини кўрсатмоқда ва шу муносабат билан мамлакатимизда айнан шу вакциналардан фойдаланиш давом эттирилади», — дея қўшимча қилди у.