Фарғона вилояти Бағдод туманида МЧЖ раҳбари аҳолига ажратилган ун маҳсулотини бошқа шахсларга қиммат нархларда сотиб юборгани маълум бўлди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланди.

Фуқаро А.А. отаси А. ва қариндоши Х.нинг номига якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиб, амалда ўзи норасмий раҳбарликни амалга оширган. У имзоларини сохталаштириш орқали «Бағдод донмаҳсулотлари» АЖдан тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга асосан давлат ресурслари ҳисобидан ажратилган умумий баҳоси 420,6 млн сўмлик 151,4 тонна ун маҳсулотини қўлга киритган, дейилади хабарда.

«Тадбиркор февраль-апрель ойлари учун ажратилган ун маҳсулотларини дислокацияда белгиланган 19 та маҳаллаларга арзонлаштирилган нархларда етказиб бермасдан, Марғилон шаҳри ҳудудида бошқа шахсларга қиммат нархларда сотиб юборгани аниқланди», — дейилади департамент хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192−11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ водий вилоятларида аҳолига ажратилган арзон нархдаги ун маҳсулотини бошқа шахсларга сотиб юборган кимсалар аниқланганди. Унга кўра, Поп туманидаги ҳолатда МЖЧ раҳбари 54,9 тонна, Марғилон шаҳрида ҳолатда эса хусусий корхона мансабдорлари 10,1 тонна ун маҳсулотини қимматроқ нархда сотиб юборган.

Шунингдек, Самарқанд вилояти Иштихон туманида ҳам аҳолига ажратилган арзон нархдаги 84,5 тонна ун маҳсулотини белгиланган маҳаллаларга етказиб бермасдан, савдо нуқталари орқали қиммат нархларда сотиб юборган шахс аниқланганди.