Поп тумани ва Марғилон шаҳрида МЧЖ ва хусусий корхона аҳолига ажратилган ун маҳсулотини сотиб юборгани маълум бўлди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширув вақтида аниқланди.

Поп туманидаги ҳолатда «П.З.» МЧЖ раҳбари С.Х. аҳоли истеъмоли учун ажратилган 54,9 тонна 1-навли ун маҳсулотини бошқа шахсларга қиммат нархларда сотиб юборгани маълум бўлди.

Марғилон шаҳридаги ҳолатда эса «А.У.» ХК раҳбари А.А. ҳамда «А.Р.» ва «Т.М.» ХКларининг норасмий раҳбари М.О.лар узоқ ва чекка ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли учун ажратилган 10,1 тонна ун маҳсулотини Марғилон шаҳри ҳудудида бошқа шахсларга бозор нархида сотиб юборганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.А., М.О. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 192−11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.