Самарқанд вилояти Иштихон туманида МЧЖ раҳбари аҳолига ажратилган ун маҳсулотини сотиб юборгани маълум бўлди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширув вақтида аниқланди.

Таъкидланишича, Иштихон туманидаги «Б.» МЧЖ раҳбари Ў.Х. «Оқтошдон» АЖдан тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга асосан давлат ресурслари ҳисобидан ажратилган умумий баҳоси 209,8 млн сўмлик 84,5 тонна ун маҳсулотини қўлга киритган.

Тадбиркор ун маҳсулотларини дислокацияда белгиланган маҳаллаларга арзонлаштирилган нархларда етказиб бермасдан, савдо нуқталари орқали қиммат нархларда сотиб юборгани аниқланди, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192−11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ водий вилоятларида аҳолига ажратилган арзон нархдаги ун маҳсулотини бошқа шахсларга сотиб юборган кимсалар аниқланганди. Унга кўра, Поп туманидаги ҳолатда МЖЧ раҳбари 54,9 тонна, Марғилон шаҳрида ҳолатда эса хусусий корхона мансабдорлари 10,1 тонна ун маҳсулотини қимматроқ нархда сотиб юборган.