Президент Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни «Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 1 сентябрдан (аввал хабар қилинганидек, 1 июлдан эмас) ишлаб чиқарилганига 10 йилгача бўлган жисмоний шахсларга тегишли енгил автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш ихтиёрий бўлади.

Ишлаб чиқарилганига 11 йилдан 14 йилгача бўлган енгил автомобиллар 2 йилда 1 марта, 15 йил ва ундан ортиқ бўлган енгил автомобиллар эса 1 йилда 1 марта мажбурий техник кўрикдан ўтказилади.

Шу билан бирга, мазкур шартлар тижорат асосида йўловчиларни ташиш фаолиятида фойдаланиладиган транспорт воситаларига тааллуқли эмас.

Аввал хабар берганимиздек, 1 июлдан автомобилларнинг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома олиш тартиби бекор бўлди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг автомобиллари олд ён ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома берганлик учун тўлов миқдори БҲМнинг саккиз баравари миқдори этиб белгиланди.

Президент ўзгаришлар ҳақида эълон қилар экан: «Ҳар бир ислоҳотимиз, таклиф ва ташаббусларимиз, бу — энг аввало инсон қадри учун», деди. «Бу ҳали бошланиши. Мен президент маслаҳатчилари, бош вазир ўринбосарлари ва вазирларга топшириқ берганман. Одамларимизни қийнаётган, аҳамиятини йўқотган тартиб ва чекловларни бекор қилиш бўйича Ишчи гуруҳи барча йўналишларда мунтазам ишлаяпти», — дея қўшимча қилди у.