Президент Шавкат Мирзиёев сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишда 1 июлдан бошлаб автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилиниши, яъни бепул бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

  • енгил автотранспорт воситаларининг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинади.
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг енгил автотранспорт воситалари олд ён ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома берганлик учун тўлов миқдори БҲМнинг 8 баравари — 2,4 млн сўм этиб белгиланди.

Шу куни кечга яқин мазкур тартибларни тасдиқловчи ҳужжат — президентнинг «Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

«Бу ҳали бошланиши. Мен президент маслаҳатчилари, бош вазир ўринбосарлари ва вазирларга топшириқ берганман. Одамларимизни қийнаётган, аҳамиятини йўқотган тартиб ва чекловларни бекор қилиш бўйича Ишчи гуруҳи барча йўналишларда мунтазам ишлаяпти. Жойлардан тушган асосланган таклифлар ва ечимлар бўйича доимий тарзда халқимизнинг фойдасига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилиб борилади», — деди Шавкат Мирзиёев.