Россиянинг «Совкомбанк» и томонидан Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигидан (АУГА) «Ўзагроэкспортбанк»нинг 100 фоиз улушини сотиб олиш бўйича битим бекор қилинди. Бу ҳақда «Совкомбанк» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимский маълум қилди, дея хабар беради «Интерфакс».

«Афсуски, бизга, шунингдек, Россиянинг деярли барча тизимли аҳамиятга эга банкларига нисбатан санкциялар жорий этилгани сабабли, ҳозирги шароитда лойиҳани амалга ошириш имконсиз бўлиб қолди. Энди томонларнинг ўзаро қарорига кўра битим бекор қилиниш босқичида. Айтишимиз мумкинки, у амалий жиҳатдан бекор қилинди», — деди у.

Қўшма Штатлар 2022 йил февраль ойи охирида «Совкомбанк»га нисбатан блокловчи санкциялар киритди. Кейинчалик, худди шундай қарорлар бошқа бир қатор давлатлар томонидан ҳам қабул қилинди.

«Газета.uz» 24 февраль куни «Совкомбанк» «Ўзагроэкспортбанк»нинг давлат улушини тўлиқ (100%) 4 миллион долларга сотиб олгани ҳақида хабар берганди. Россиянинг хусусий банки Ўзбекистоннинг ушбу банкини хусусийлаштириш бўйича очиқ тендерда ғолиб чиқди.