Россиянинг «Совкомбанк"и «Ўзагроэкспортбанк»нинг 100 фоиз давлат улушини 4 млн долларга сотиб олди, деб хабар берди Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати.

Битим «Ўзагроэкспортбанк» акциядорлик тижорат банки фаолиятини таҳлил қилиш (тегишли экспертиза) натижаларига кўра, танлов асосида очиқ тендер орқали тузилган. Grant Thornton халқаро компанияси хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи сифатида жалб қилинган ва баҳолашни KPMG халқаро компанияси амалга оширган

Жами 4 нафар иштирокчи харид қилиш истагини билдирган. Ҳар бир талабгорга банкка оид молиявий, ҳуқуқий, ташкилий ва солиқ маълумотлари билан танишиш учун виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш, фаолиятни таҳлил (due diligence) қилиш, банк менежменти ва хусусийлаштириш бўйича консультантга саволлар бериш, банкка ташриф буюрган ҳолда ўрганиш имконияти яратилгани айтилди.

«Ўзагроэкспортбанк» — 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, 100% Тошкент ҳокимлигига тегишли ҳисобланади. Банкнинг асосий вазифалари қаторига экспорт қилувчи ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт салоҳиятини самарали ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш киради.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг май ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги «Пойтахт Банк» АЖ ҳамда «Ўзагроэкспортбанк» АТБ устав капиталидаги 100% давлат акция пакетлари нархларини максимал қийматда, шу билан бирга келгусида банкнинг молиявий ҳолати барқарорлигини ошириш ва ривожлантириш шартлари билан оммавий савдолар орқали сотиш режаси ҳақида эълон қилганди.