24−27 июнь кунлари Жанубий Кореянинг Чунчон шаҳрида таэквондо бўйича XXV Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Мусобақанинг дастлабки кунида ўзбекистонлик икки спортчи финалгача етиб бориб, олтин ва кумуш медалларни қўлга киритди, деб хабар берди Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси.

Ўғил болалар ўртасида беллашувларда 68 кг вазн тоифасида Улуғбек Рашитов мусобақани нимчорак финалдан бошлаб, фаластинлик Фаҳид Абдулразоқни 2:0 ҳисобида таслим этди. У чорак финалда мўғулистонлик Энгболд Буяншагаи 2:0 ҳисобида ва ярим финалда эронлик Бозоргишоб Дариални ҳам айни ҳисобда мағлуб этди.

Шу куни ўзбекистонлик таэквондочи финалда Иордания вакили Заид Каримга қарши даянга чиқиб, уни ҳам 2:0 ҳисобида таслим этди ва Осиё чемпионига айланди.

Чарос Қаюмова (чапда). Фото: Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда 53 кг вазнда ўзбекистонлик Чарос Қаюмова иштирокини чорак финалдан бошлади. Бу босқичда тайпеилик Хуанг Ших Юан таслим этилди — 2:0. Ярим финалда эса Қаюмова саудия арабистонилик Дуня Абу Талебни мағлуб этди — 2:0. Эронлик Наҳид Кияничандеҳга қарши финал баҳсида мусобақани жароҳат билан ўтказган Чаросга бироз омад етишмади — 0:2. Шундай қилиб, Чарос Қаюмова Осиё чемпионати кумуш медалини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, тўрт кун давом этадиган қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 11 нафар таэквондочи билан иштирок этмоқда. Бугунги баҳсларда иштирок этган атлетлардан ташқари қизлардан: Зарнигор Ҳусниддинова (46кг), Динора Мухторова (49кг), Феруза Садикова (62кг), Светлана Осипова (+73кг) ҳамда йигитлардан: Нияз Пулатов (63кг), Жасур Жайсунов (74кг), Шуҳрат Салаев (80кг), Никита Рафалович (87кг) ва Шоҳрух Ражабов (+87кг) қатнашмоқда.