Ҳисоб палатаси томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурига ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш юзасидан ўтказилган тадбирлар давомида Наманган вилоятида субсидия ва имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига қурилган иссиқхоналар ишламаётгани маълум бўлди.

Қайд этилишича, Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида ташкил этилган 1000 та 2 сотихлик иссиқхонанинг 95 фоизи ҳозирда яроқсиз ҳолга келиб, улардан фойдаланилмайди.

2020 йил июнь ойида президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида Чортоқ туманида иссиқхоналар мажмуасини барпо этиш лойиҳаси билан танишган эди. Баланд адир даштликларида узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган 36 гектар майдондаги ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона лойиҳаси «Голден Натс Наманган» агро томорқа хизмати МЧЖ ҳамкорлигида амалга оширилаётгани айтилганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унда умумий қиймати 13 млрд сўм бўлган 2 сотихли 1000 та иссиқхона лойиҳаси учун Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 млрд сўм субсидия маблағлари ва тижорат банкларининг 6,3 млрд сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилгани таъкидланади.

«Ҳозирги кунда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш имконини берадиган ҳар бири 2 сотихдан бўлган 800 та иссиқхона қуриб эгаларига топширилди. Қолган 200 таси июль ойи охирида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу лойиҳанинг афзаллиги сифатида «Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида бир жойда экспортбоп сифатли маҳсулот етиштирилиши, камбағал оилалар доимий даромад манбаларига эга бўлиши ва бандлиги таъминланиши, шунингдек, маҳсулотни етиштиришда кўчат, сув, минерал ўғит ҳамда бозор таъминоти тадбиркор томонидан кафолатланиши қайд этилади.

Иссиқхоналарда Чортоқ туманидаги 800 та камбағал оила аъзоларининг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган эди. Шунингдек, давлат раҳбарига ушбу лойиҳанинг афзалликлари ва имкониятлари берилган маълумотда 2 сотихли иссиқхонада уч марта ҳосил етиштириш имконияти борлиги айтилган эди.