Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ҳажми 2022 йил бошидан буён 1,8 фоизга ёки 721,5 млн долларга камайиб, 1 апрель ҳолатига кўра 38,8 млрд долларни ташкил этди, дея хабар берди Марказий банк ўз ҳисоботида.

Жами ташқи қарзга давлат ва давлат томонидан кафолатланган (давлат ташқи қарзи) ҳамда кафолатланмаган ташқи қарз (хусусий ташқи қарз) киради. Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, «хусусий» секторни асосан давлат улушига эга бўлган компаниялар ва банклар ифодалайди (давлат банк сектори улушининг 80% дан ортиғига, шунингдек, нефт-газ, телекоммуникация, тоғ-кон ва металлургия соҳаларидаги компаниялар ёки уларнинг улушига эгалик қилади).

Бу камида 2013 йилдан бери ташқи қарзнинг биринчи марта камайишидир. Марказий банк буни жорий йилнинг I чорагида жаҳонда геосиёсий вазият таъсирида давлат ва хусусий сектор томонидан янги қарз жалб қилиш секинлашиши ва асосий қарз бўйича тўловларнинг амалга оширилиши ташқи қарз қолдиғида акс этгани билан изоҳлади.

Хусусан, уч ой давомида давлат ташқи қарзининг соф камайиши валюта курси ва нархлар ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда 1,5 фоизга ёки 345,4 млн долларга камайиб, 23,4 млрд долларни ташкил этди. Сабаби — номолиявий корхоналарнинг давлат томонидан кафолатланган кредитларини тўлаш ва ҳисобот даври охирида давлат қимматли қоғозлари бозор нархларининг пасайишидир.

Январь-март ойларида хусусий сектор қарзи 2 фоизга ёки 376 млн долларга қисқариб, 15,5 млрд долларни ташкил этди. Бу, асосан, банк, нефть-газ ва тоғ-металлургия соҳаларидаги қарзларнинг қайтарилиши ҳамда молия бозорида қимматли қоғозлар нархининг пасайиши билан боғлиқ.

Биринчи чорак давомида хусусий сектор томонидан 1,2 млрд доллар кредит маблағлари жалб қилинди. Бу маблағнинг 389 млн доллари банк соҳасига, 217 млн доллари тоғ-кон саноатига, 171 млн доллари нефть-газ ва энергетика соҳасига, 455 млн доллари эса иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига йўналтирилди.

Банклар камроқ қарз олишни бошладилар — ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарз олиш ҳажми 518 млн долларга камайди. Бошқа тармоқларда эса ўсиш кузатилмоқда.

Ҳукумат томонидан 281 млн доллар жалб қилинди, бу ўтган йилга нисбатан 68 млн долларга кам.

Уч ой ичида давлат 252 млн долларлик асосий қарзни ва улар бўйича 127 млн доллар фоизларни тўлади. Хусусий сектор кредиторларга мос равишда 1 млрд ва 110 млн доллар тўлаган.

Президент Шавкат Мирзиёев февраль ойида ташқи қарзларсиз Тошкентда янги метро линияларини қуриш ёки тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларнинг ойлик маошларини ошириш мумкин эмаслигини айтган эди.