Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтда Ўзбекистонда қурилиш ташкилотлари томонидан энг кўп қўлланиладиган солиқ тўлашдан қочиш схемалари муҳокама қилинди, дея хабар берди ДСҚ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2019−2022 йилларда товар айланма ва бажарилган ишлар ҳажми ўртача йилдан йилга 15−20 фоизга ортди. Бироқ соҳа бўйича ўртача харажатлар рентабеллиги 2021 йилдаги 10 фоиздан 2022 йилда 3,1 фоизга тушди.

Қурилиш соҳасида фаолият юритаётган 20 303 та корхонанинг 5 мингга яқинида (24%) ҳужжатларига мувофиқ, рентабеллик 0 фоиздан паст, 12 мингдан ортиғида (60%) 0 фоиздан 1 фоизгача ва 904 (4%) компанияда 1 фоиздан 3 фоизгача рентабеллик қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Қурилиш вазирлиги ўтган йил бошидан буён қурилиш ва пудратчи ташкилотларга рейтинг баҳо бериб, уларга ААА (ишончлиликнинг энг юқори даражаси) дан Д (паст даража-3) гача бўлган шкала бўйича ишончлилик тоифаларини белгилаб келмоқда. Баҳолаш мезонлари ташкилотнинг муҳандислик-техник ходимларининг сонини ҳам ўз ичига олади.

23 июнь ҳолатига кўра, рейтингда иштирок этган 16 703 та ташкилотнинг бирортасига ААА ва АА тоифалари берилмаган, А тоифаси эса фақат битта ташкилотда бор. Ташкилотлар сонининг асосий қисмини «CCC» (қониқарли даража-1) — 3470 та корхона, «CC» (қониқарли даража-2) — 3747 та корхона, «C» (қониқарли даража-3) — 2740 та корхона ташкил этади. Шунингдек, яна 1837 та компанияга «ДДД» (пастки даража-1) берилган.

Фискал институт томонидан қурилиш компаниялари амалиётида қуйидаги ҳолатлар қайд этилди:

  • турар жой объектларини ўртача бозор нархидан кескин даражада паст нархда реализация қилиш (қурилиш корхоналарининг бири Учтепа туманида қурилган янги кўпқаватли турар жой мажмуасидан 26 та квартирани ўртача 1,8 млн сўмдан сотган);
  • ҳисоботларда харажатларни сунъий равишда ошириб кўрсатиш орқали фаолиятини зарар билан якунлаш натижасида фойда солиғини тўламаслик (масалан, солиқ тўловчи 2022 йил 1-чоракда 16 млрд сўм реализация амалга оширган бўлса-да, фаолият 8 млрд сўм зарар билан якунлаган);
  • жисмоний шахлар томонидан қурилиш корхоналари устав жамғармасига йирик миқдорда пул маблағлари, бино ва иншоотлар, қурилиш моллари (манбаси кўрсатилмаган ҳолда) киритиш ва реализация қилиниши (Мисол учун, 2 та таъсисчи жисмоний шахслар томонидан устав капитали 2021 йил бошидан бугунги кунга қадар 121 млрд сўмга тўлдирилган. Таъсисчиларнинг солиқ органларидаги маълумотларига асосан йиллик расмий даромади 3,4 млн сўмни ташкил этган);
  • бажарилган ишлар ҳажмини ЭҲФ расмийлаштирмаслик орқали яшириш (мисол учун, солиқ тўловчининг ҳисоб рақамига бажарилган ишлар учун 78 млрд сўм маблағлар келиб тушган бўлса-да, солиқ ҳисоботларида 15 млрд сўм айланма акс эттирилган).

Давлат солиқ қўмитаси мазкур муаммоларни ҳал қилишда, солиқ қонунчилигига ихтиёрий риоя этилиши, солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг афзалликларини солиқ тўловчилар билан ҳамкорликда муҳокама қилиш орқали ижобий натижаларга эришишни мақсад қилганини маълум қилди.