21 июнь куни Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар берди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирда ЖСТга аъзо давлатларнинг 60 дан ортиқ делегациялари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари ва хорижий экспертлар иштирок этди.

Сўзга чиққан барча 25 аъзо-давлат, жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Россия, Туркия, Индонезия, Корея Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқалар бир овоздан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини эълон қилди.

Давлатлар вакиллари Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши мамлакатнинг кўп томонлама савдо тизимига тўлиқ интеграциялашувига имкон яратишини, барча аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга туртки беришини ҳамда глобал даражадаги халқаро иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий тизими кенгайиш жараёнини фаоллаштиришини таъкидладилар, дея маълум қилди ИТСВ.

Тадбирда Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёни доирасида, шу жумладан кенгайтирилган ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш ва мамлакат бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокаралар олиб бориш доирасида ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатларнинг натижаларига ижобий баҳо берилди.

Ишчи гуруҳ йиғилишининг очилишида ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси — бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков сўзга чиқиб, мамлакат ташқи иқтисодий сиёсатидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг муҳимлиги ва мутлақ устуворлигини таъкидлади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнини фаол илгари суриш ва яқин келажакда ташкилотга аъзо барча манфаатдор давлатлар билан икки томонлама музокараларни якунлаш бўйича қарори қатъий эканлигини тасдиқлади.

Тадбир кун тартибига кўра, ишчи гуруҳ Ўзбекистон ташқи савдо режими бўйича тақдим этилган ҳужжатлар, жумладан, Фактологик хулоса, ЖСТга аъзо-давлатлар саволларига жавоблар, иқтисодий сиёсат бўйича маълумот, давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, божхона-тариф сиёсати, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, саноат субсидияларининг муҳокамасига киришди.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Женевада АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада, Бразилия, Швейцария, Индонезия, Саудия Арабистони, Мўғулистон ва бошқа ЖСТга аъзо йирик давлатлар — Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлиш бўйича Ишчи гуруҳи аъзолари билан товар ва хизматлар бозорига чиқиш юзасидан қатор икки томонлама музокаралар ўтказмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши деярли 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йилнинг июль ойида онлайн тарзда ўтказилганди.

Сардор Умурзаков 12 июнь куни Женевада бўлиб ўтган Жаҳон савдо ташкилотининг ўн иккинчи вазирлар конференциясида сўзга чиқиб, пандемиянинг салбий оқибатлари туфайли ташкилотга аъзо бўлиш жараёни мураккаблашганини таъкидлаганди. У ЖСТга аъзо мамлакатларни янада мослашувчан бўлишга чақириб, Ўзбекистон аъзолик жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканлигига ишонтирди.