Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат иштирокидаги корхоналарнинг 2021 йилдаги молиявий ҳисоботлар таҳлилини эълон қилди. Ҳисоботда қайд этилишича, «Навоий кон-металлургия комбинати» ўтган йилда энг кўп соф фойда олган ва дивиденд тўлаган корхона бўлди. «Ўзтрансгаз» эса энг кўп зарар кўриб ишлаган 20 та ташкилот орасида етакчи сифатида қайд этилди.

Давактив маълумотларига кўра, бугунги кунда давлат иштирокидаги корхоналар сони 2117 тани ташкил этади. Улардан 347 таси бўлиб тўлаш шарти билан сотилган. 2021 йил якуни бўйича молиявий ҳисобот топширган давлат иштирокидаги 1770 та корхона бўйича энг юқори соф фойда олган 20 та, энг кўп зарар кўрган 20 та ва давлат улуши бўйича энг кўп дивиденд тўлаган (оралиқ дивиденд ва олдинги йиллар қарздорликлари билан бирга) 10 та корхона рўйхати шакллантирилди.

Унга кўра, 2021 йилда «Навоий кон-металлургия комбинати» энг кўп соф фойда (10 трлн 639,8 млрд сўм) олган ва дивиденд (9 трлн 955,1 млрд сўм) тўлаган корхона бўлди, шунингдек, «Ўзтрансгаз» энг кўп зарар кўриб (2 трлн 515,8 млрд сўм) ишлаган корхона деб топилди.

Ҳисоботда келтирилишича, 2021 йилда давлат улуши бўйича энг кўп дивидент тўлаган 10 та корхона орасида Навоий (9 трлн 955,1 млрд сўм) ҳамда Олмалиқ (2 трлн 445,2 млрд сўм) кон-металлургия комбинатлари асосий дивидент тўловчилар сифатида қайд этилди. Уларнинг умумий дивидент миқдори 10 та корхона орасида 89,1 фоизни ташкил қилди.


Шунингдек, 2021 йилда энг кўп фойда кўрган давлат иштирокидаги корхоналар 20 талигида Навоий (10 трлн 639,8 млрд сўм), Олмалиқ (5 трлн 359,8 млрд сўм), «Ўзбекнефтгаз» (3 трлн 348,8 млрд сўм) ҳамда «Ўзбекистон металлургия комбинати» (1 трлн 471,5 млрд сўм) асосий даромад келтирувчи ташкилотлар этиб кўрсатилган. Йилни соф фойда билан якунланган ташкилотлар орасида «Ўзбектелеком» (473,9 млрд сўм) ҳамда «Мобиуз» (96,5 млрд сўм) алоқа операторлари ҳам ўрин эгаллаган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ўтган йилда 53,8 млрд сўм фойда кўрган.


Давактивнинг қайд этишича, 2021 йилда зарар кўрган давлат иштирокидаги корхоналар орасида «Ўзтрансгаз» (2 трлн 515,8 млрд сўм) ҳамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» (2 трлн 105,2 млрд сўм) катта миқдорни эгаллаб турибди. Шунингдек, «Тошиссиққуввати» (534,3 млрд сўм) ва «Янги Ангрен ИЭС» (304 млрд сўм) ҳам йирик миқдорда зарар билан ишлаган. Давлат иштирокидаги корхоналар орасида «Буёдкор» футбол клуби 2021 йилни 37 млрд сўм зарар билан, «Пахтакор» жамоаси эса 30,3 млрд сўм зарар билан якунлаган.


Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги 2022 йил учун Ўзбекистондаги 10 та энг йирик солиқ тўловчи ташкилот бўйича прогноз маълумотларини эълон қилган эди. Қайд этилишича, жорий йилда Навоий (20,2%) ва Олмалиқ (11%) кон-металлургия комбинати энг кўп солиқ тўловчи ташкилотлар бўлишади.