Андижон шаҳридаги хонадонларнинг бирида икки нафар вояга етмаган фуқаронинг жасади қотиллик аломатлари билан топилгани ҳақида ёзгандик. Бош прокуратура мазкур жиноятни содир этганликда гумонланиб, 1995 йилда туғилган Избоскан туманида яшовчи аёл ҳибсга олинганини маълум қилди.

«Ушбу аёлнинг номида бўлган уйда 2022 йил апрель ойидан буён қариндоши (холаваччаси), 2 нафар вояга етмаган фарзанди (ўғли 10 ёш, қизи 7 ёш) ва бувиси билан яшаб келишган», — дейилади хабарда.

Аёл кўрсатувида, холаваччаси сабаб оиласи бузилиб кетганлиги учун юкларини ўз уйига олиб келмоқчи бўлганида холаваччаси бунга қаршилик қилганлиги, унга уйни бўшатиб қўйиш ҳақида қўйган талабини ҳам рад қилиб келаётганини билдирган.

«Шунда аёл холаваччасидан қасд олиш мақсадида уни уйда йўқлигидан фойдаланиб ҳамда бувиси кўз кўриш ва қулоғи эшитиш қобилияти пастлигини билган ҳолда 16 июнь куни уйга келиб, холаваччасининг 2 нафар фарзандини қасддан ўлдирган», — дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Жасадларини эса уйни айвон қисмидаги полнинг тагидаги ертўлага яширгани айтилмоқда.

Ҳозирда гумонланувчи аёл процессуал тартибда ушланган.