Украинага бостириб кириши ортидан жорий қилинган санкциялар натижасида Россия иқтисодиётининг қисқариши ва иш ўринларининг йўқотилиши Марказий Осиёлик мигрантлар ва уларнинг пул ўтказмаларига салбий таъсир ўтказмоқда, дея маълум қилди Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ).

16 июнь — Халқаро оилавий пул ўтказмалари куни муносабати билан ХМТ Россияда меҳнат қилаётган Марказий Осиёлик мигрантлар ва уларнинг пул ўтказмалари билан боғлиқ вазиятни ўрганди.

Россияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган мигрантларнинг пул ўтказмалари Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Хусусан, 2020 йилда Қирғизистон ва Тожикистонга пул ўтказмалари ҳажми ЯИМнинг мос равишда 31 ва 27 фоизини ташкил этган. 2021 йилда Россиядан пул ўтказмалари ҳажми Ўзбекистонга юборилган умумий пул ўтказмаларининг 55 фоиздан ортиғини ташкил этган (Қозоғистонда — 51 фоиз).

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда умумий пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан Ўзбекистонда — 21 фоизга, Қозоғистонда — 17 фоизга, Тожикистонда — 22 фоизга ва Қирғизистонда — 33 фоизга қисқариши кутимоқда.

ХМТ маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Россияда Марказий Осиёдан тўрт миллионга яқин меҳнат муҳожирлари фаолият юритади. Хусусан, Тожикистон ва Қирғизистондан — қарийб бир миллион нафардан, Ўзбекистондан — икки миллионга яқин ва Қозоғистондан — 200 мингга яқин. Мигрантларнинг аксарияти қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида (мавсумий ва узоқ муддатли), шунингдек, юқори малакали касбий фаолият билан банд.

ХМТ ҳисоб-китобларига кўра, Россияда санкциялар оқибатидаги иқтисодий танглик натижасида икки миллионгача иш ўринлари йўқотилиши, ишсизлик даражаси 4,4 фоиздан 7,8 фоизгача кўтарилиши кутилмоқда.

«Россиядан пул ўтказмаларининг қисқариши минтақанинг пул ўтказмаларига қарам бўлган иқтисодиётларига жиддий таъсир кўрсатиши шубҳасиз», — дея таъкидлаган ХМТнинг Вена ҳудудий бошқармаси директори Ренате Хелд. Унинг сўзларига кўра, мигрантларнинг кўпчилиги ҳозирча Россияда қолишни афзал кўраётганлигига қарамай, иқтисодий вазият ёмонлаша бошлаган тақдирда, улар орасида ватанга қайтиш ҳолатлари барқарор равишда ўсиб боради.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг биринчи чорагида 133 минг ўзбекистонлик мигрантлар Россиядан ўз ватанига қайтган. Апрель ойида ўзбекистонлик мигрантларнинг пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб икки баробар кўп — 1,07 млрд долларни ташкил этган. Шунга қарамай, Ўзбекистон Марказий банки апрель ойидаги прогнозларида пул ўтказмалари ҳажми 18−25 фоизга қисқариши кутилаётганлигини қайд этган.

Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) бош котиби Антониу Гутерриш Халқаро оилавий пул ўтказмалари куни муносабати билан қилган мурожаатида уй хўжаликлари ўз эҳтиёжларини самарали қондиришларига кўмаклашиш мақсадида «пул ўтказмалари нархини нолга яқинлаштириш зарур» эканлигини таъкидлади.

Прогнозларга кўра, Украинадаги уруш оқибатларининг Марказий Осиё мамлакатларига салбий таъсири давом этади. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 4,3 фоизни ташкил этиши кутилмоқда, айни пайтда, Қозоғистонда 2022 йил охирига келиб ЯИМ ўсиши 2 фоизга етади. Қирғизистон ва Тожикистон иқтисодиёти жорий йилда мос равишда — 2 ва 0,4 фоизга пасаяди. Шунингдек, Украина иқтисодиёти бу йил 45 фоизга, Россия иқтисодиёти 9 фоизга қисқариши кутилмоқда.