Жаҳон банки 2022 йил учун Ўзбекистон ЯИМ ўсиши прогнозини 4,3 фоизгача яхшилади. Бу 2022−2023 йилларга мўлжалланган глобал иқтисодий истиқболлар бўйича навбатдаги ҳисоботда қайд этилган, деб ёзмоқда Spot.

Бунгача Жаҳон банки 2022 йилда иқтисодий ўсиш 5,5 фоиздан 5,6 фоизгача бўлган прогнозларини эълон қилганди. Ҳозирги баҳо уларникидан сезиларли даражада паст. Бироқ, апрель ойида кутилаётган иқтисодиётнинг 3,6 фоизгача пасайиши фонида, жорий кўрсаткичлар янада оптимистик кўринади.

Жаҳон банки экспертлари 2023 йилда Ўзбекистон учун 5,3 фоизлик прогнозни тақдим қилмоқда — бу урушгача бўлган ҳисоб-китоблардан атиги 0,5 фоизга паст. 2024 йилда эса прогноз қилинган 5,5 фоизга қайтиш кутилмоқда.

Жаҳон банки кутилмаларига мувофиқ, Ўзбекистон яқин икки йилда Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори иқтисодий ўсишни қайд этади. Европа ва Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон Грузия (+5,5%) ва Венгриядан (+4,6%) кейин учинчи ўринни эгаллайди.

Қозоғистонда 2022 йил охирига келиб ялпи ички маҳсулот ўсиши 2 фоизга етиши, келгуси йилда эса 4 фоизга тезлашиши кутилмоқда. Қирғизистон ва Тожикистон иқтисодиёти жорий йилда мос равишда — 2 ва 0,4 фоизга пасаяди.

Марказий Осиё давлатлари Россия билан чуқур иқтисодий алоқаларга эга, дейди экспертлар. Санкциялар, савдо айланмаси ва Россиядан пул ўтказмаларининг қисқариши фонида уларнинг иқтисодиёти 2022 йилда атиги 2,4 фоизга (4,3 фоиз ўрнига) ва 2023 йилда 4,1 фоизга (5 фоиз ўрнига) ўсади.

Бошқа томондан, ресурслар нархининг ошиши ҳеч бўлмаганда чекланган даражада мавжуд вазиятнинг салбий таъсирини юмшатишга ёрдам беради. Бироқ, бундан фойда чекланган бўлади, деб таъкидлашди мутахассислар.

Бундан ташқари, санкциялар Россиянинг минтақа учун молиявий воситачи сифатидаги имкониятларини чеклайди. Бу эса, ўз навбатида, товар импортини қийинлаштиради.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Россиянинг Украинага бостириб кириши жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши, инвестицион, иқтисодий ва савдо фаолиятини издан чиқариши, шунингдек, COVID-19 пандемиясининг таъсирини кучайтириши мумкин. Ўсиш ўтган йилги 5,7 фоизга нисбатан 2,9 фоизгача секинлашади.

Вазиятдан энг кўп зарар кўраётган Европа ва Марказий Осиё макроминтақаси иқтисодиёти 2022 йилда 2,9 фоизга қисқаради (илгари 3 фоизга ўсиши кутилган эди). 2023 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми яна ўсади, лекин атиги 1,5 фоизга — кутилганидан деярли икки баравар кам.

Украина энг кўп зарар кўради — унинг ялпи ички маҳсулоти бу йил 45 фоизга пасаяди, лекин кейин секин ўсади. Россия иқтисодиёти ҳам санкцияларнинг кенгайиши ва ташқи савдо ҳажмининг қисқариши фонида рецессияга учрайди (2022 йилда -9 фоиз, 2023 йилда -2 фоиз).

Бошқа халқаро молия институтлари ҳам жанговар ҳаракатлар бошланиши билан Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши бўйича ўз тахминларини қайта кўриб чиқди. ОТБ ўз прогнозини 4,5 фоизга, ЕТТБ — 4 фоизга, S&P — 3,5 фоизга, ХВЖ — 3,4 фоизга, Fitch — 3,1 фоизга туширди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига молия секторини ислоҳ қилиш мақсадлари учун 15 млн доллар имтиёзли кредит ажратиши ҳақида ёзган эдик.