Ўзбекистон яқин йилларда умумий қуввати 8 ГВт дан ортиқ бўлган қайта тикланадиган энергия (ҚТЭ) манбаларини барпо этишни режалаштираяпти. Бу ҳақда Олмаотада бўлиб ўтган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) бўйича иккинчи минтақавий саммитда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов маълум қилди.

Ҳукумат раҳбари мамлакат қайта тикланадиган енергия манбалари улушини 2030 йилга келиб мамлакатда электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг 25 фоизигача оширишни мақсад қилганини эслатиб ўтди.

Шунингдек, Абдулла Арипов Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2022 йил охиригача барча давлат муассасалари ва корхоналарини қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказиш вазифаси қўйилгани, шунингдек, амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ижтимоий, инфратузилма ва уй-жой объектларини қуришда давлат дастурлари доирасида муқобил энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни мажбурий жорий этиш бўйича меъёрлар жорий этилаётганини маълум қилди.

«Шу билан бирга, табиий ресурсларни янада самаралироқ бошқариш, иссиқхона газлари чиқиндиларини янада камайтириш чораларини кўриш зарур… „Яшил“ ўтиш ривожланаётган иқтисодиёт ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун шок ҳолатини яратмаслиги керак», — дея қўшимча қилди бош вазир.

Ўзбекистоннинг глобал исишга қарши кураш бўйича янгиланган мажбуриятларига кўра, 2030 йилга бориб мамлакат ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газларининг солиштирма эмиссияси 2010 йилдаги даражага нисбатан 35 фоизга камайиши керак.