Ички ишлар вазирлиги мухлисларни бугун, 15 июнь куни соат 21:00 да 23 ёшгача бўлган Ўзбекистон ҳамда Япония ёшлар терма жамоалари ўртасида Осиё кубоги ярим финал учрашуви бўлиб ўтадиган «Миллий» (собиқ «Бунёдкор») стадионига бормасликка чақирди.

Вазирликнинг эслатишича, Осиё футбол конфедерацияси Тартиб-интизом қўмитаси қарори билан миллий терма жамоа ўйинни томошабинларсиз ўтказади, у ерга фақат 500 нафарга яқин япониялик мухлислар ташриф буюриши мумкин.

«Шу муносабат билан ҳамюртларимиз ўз оилалари билан бирга телевизор орқали футбол ўйинини томоша қилишлари, стадионга келмасликлари тавсия этилади», — дейилади хабарда.


Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ИИББ Чилонзор туманидаги «Миллий» стадиони яқинида йўл қисми таъмирланаётгани ҳақида хабар берди.

Шу муносабат билан 15 июнь куни соат 17:00 дан 24:00 га қадар кўчаларнинг қуйидаги қисмлари ҳаракатланиш учун ёпилади:

  • Муқимий ва Чилонзор кўчалари чорраҳасидан Чилонзор кўчалари ва Кичик ҳалқа йўли чорраҳасигача;
  • Муқимий ва Арнасой кўчалари чорраҳасидан Чўпонота ва Арнасой кўчалари чорраҳасигача;
  • иккинчи даражали Бунёдкор кўчасидан Чўпонота кўчасигача.