Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани «Қора янтоқ» маҳалласида яшовчи Номоз Жумаев 2009 йилдан бошлаб ҳозиргача тумандаги 35 гектардан ортиқ чўлдан иборат қумли майдонда оиласи билан саксовулзорлар ташкил этган. Номоз бобо ушбу саксовулзор учун ўз маблағи ҳисобидан беш юз миллион сўм сарфлаганини айтади. «Газета.uz» 2018 йилда ушбу саксовулзор ва Номоз бобо ҳақида «Саҳро ишғолчиси» номидаги мақолани эълон қилган эди. Ўша йилнинг август ойида Номоз Жумаев президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.

Номоз Жумаевнинг таъкидлашича, у ушбу майдонга қонуний эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида вилоят ҳокимига бир неча маротаба мурожаат қилган. Лекин бу мурожаатлар ижобий ечимини топмаган. 2021 йилда Сурхондарё вилояти ҳокимияти ушбу чўл ҳудудидаги ер майдони аукционга қўйилишини маълум қилган. «Газета.uz» мухбири Аброр Қурбонмуратов ушбу масалани ўрганиш учун Жарқўрғон туманига ташриф буюрди.

«Чўлни 12 йилдан бери обод қилиб келаман, лекин энди шу обод қилинган майдонни аукцион орқали тортиб олишмоқчи»

Номоз Жумаев «Қора янтоқ» маҳалласида 1981 йилдан бери яшаб келишини, ҳудуд кўчма қум ва чўлликдан иборатлигини айтади.


«2009 йилда маҳалламизнинг йўлларини қумлар босиб кетди. Ўша йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) вакиллари маҳалламизга келишди. Улар шу йўллардаги қумларнинг кўчишини олдини олиш мақсадида чўл ҳудудда маҳалладошларимизга саксовул экиш таклифини билдирди. Ҳеч бир маҳалладошимиз ушбу ишни бажаришни хоҳламади. Шунда мен маҳалламизга ўзимнинг ҳиссамни қўшай деб, чўл ҳудудига саксовул кўчатларини экиш ташаббусини ўз зиммамга олдим», — деб эслайди Номоз бобо.

Унинг айтишича, БМТ Бухоро вилоятидан саксовул кўчатларини келтириб берган, Номоз Жумаев чўл ҳудудига ушбу кўчатларни оила аъзолари билан экишни бошлаган.

«2010 йилда кўплаб саксовул кўчатларини экиб тугатдик. Мана 13 йилга яқин вақт бўлди. Оилам билан саксовулларни парвариш қилиб, одамларнинг чопиб кетишлари ва молларнинг кўчатларни пайҳон қилишига йўл қўймаяпмиз. 2018 йилда камтарин меҳнатларимни инобатга олиб президентимиз томонидан „Дўстлик“ ордени билан тақдирландим. Шундан сўнг бу орден менга янада куч-қувват бериб, шу қум бўлган ҳудудни кўпроқ обод қилишга бел боғладим», — дейди Номоз Жумаев.


У 35 гектардан ортиқ ҳудудда 100 минг тубдан ортиқ саксовул кўчатларини экканлигини таъкидлайди. 2019 йилда унда «Намаз Бобо Саксаулзори» корхонасини ташкил этиш фикри уйғонади. Шу сабабли Жарқўрғон тумани ҳокимиятига «Қора янтоқ» маҳалласи худудидаги ҳокимлик ихтиёридаги захира ер майдонларидан 50 гектар ер майдонида ёрдамчи хўжалиги ташкил этиш учун ушбу ерга эгалик қилиш ҳуқуқини сўраб, хат билан мурожаат қилади. 2020 йилда эса Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга ҳам ушбу масала бўйича хат билан мурожаат қилади.

«Вилоят ҳокимининг қабулига кира олмадим. Ҳоким ўринбосари мени қабул қилиб: „Ҳоким билан маслаҳатлашиб кўрамиз“ деди, лекин ҳалигача менинг мурожаатим ижобий ечимини топмади. Жарқўрғон тумани ҳокими ушбу ерга эгалик қилиш учун рухсат берди. Лекин вилоят ҳокими рухсат бермаса, ушбу ерга эгалик қила олмас эканман. Кўплаб юқори ташкилотларга ҳам ушбу масалада мурожаат қилдим. Лекин ижобий натижаси ҳали ҳам бўлгани йўқ. Энди шунча йиллик меҳнатим сингган ерни олиб қўйишмоқчи бўлишяпти», — дейди Номоз бобо.


«2020 йилда ушбу ерга эгалик қилишим учун ҳужжатларни тайёрлашимга рухсат беришмади. 2021 йилда эса президентнинг фармони чиққанлиги ва ушбу чўл ҳудуди ерлари фақат аукцион орқали сотилишини айтишди. Мени ва оиламнинг 13 йиллик меҳнатига биров эгалик қилса, менга аълам қилмайдими? Ҳокимларимиз нима учун менинг 13 йиллик меҳнатимни инобатга олишмайди? Шу ердаги барча маҳалладошларим билади, қанчалик кўп машаққат чеканлигимни. Ҳатто кўпчилик устимдан ҳам кулишди, қумни обод қилиб бўладими деб. Мана, Оллоҳга шукур қумдан иборат бўлган чўлни ҳам ўрмонга айлантира олдим. Президентимиз шу кичкина меҳнатимни қадрлаб „Дўстлик“ ордени билан тақдирлаганда, вилоятимиз раҳбарлари эса меҳнатимни эътиборга ҳам олишмаяпти», — дейди у.

Видео

«Амалдаги тартибга асосан, ерни очиқ аукцион орқали сотиб олиш мумкин»

Жарқўрғон тумани ҳокимлиги Қишлоқ ва сув ҳўжалиги мажмуаси бош мутахассиси Содиқ Каримов ҳозирда ер майдонлари фақат аукцион орқали сотилишини эслатди.

Содиқ Каримов. Фото: Аброр Қурбонмуратов / «Газета.uz».

«„Қора янтоқ“ маҳалласида яшовчи Жумаев Номоз бобо кўп йилдан бери 35 гектар майдонда саксовулзор барпо этиб, тадбиркорлик билан шуғулланади. Лекин бу жойларни ҳужжатлаштириш масаласини амалга оширмаган. Тегишли ташкилотлар томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилганидан сўнг, Номоз бобо Жарқўрғон туман ҳокимлигига 2021 йил февраль ойида ушбу ер майдонини ҳужжатлаштириш учун ариза билан мурожаат қилган», — дейди туман ҳокимлиги ходими.

Унинг айтишича, мурожаатдан кейин туман ҳокимлиги «Намаз бобо саксаулзори» оилавий корхонасига амалий ёрдам берилиши учун барча тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, 2021 йилнинг 1 апрель куни 01−05/115 сонли вилоят ҳокимининг қарорини тасдиқлаб олиш учун вилоят ҳокимлигига ҳужжатларни жўнатган.

«Намаз Бобо Саксаулзори» оилавий корхонасига ажратиладиган ер майдони харитаси лойиҳаси. Фото: Аброр Қурбонмуратов / «Газета.uz».

«Ундан сўнг президентнинг 2021 йил 8 июндаги 6243-сонли фармонига асосан ер бериш тартибига ўзгартишлар киритилиб, ер бериш тартиблари аукцион танловлари орқали бўлиши белгиланди. Шу билан „Намаз бобо саксаулзори“ оилавий корхонасига қарашли қарор тасдиқланмай қолиб кетди», — дейди Содиқ Каримов.

Унинг таъкидлашича, 2021 йил 24 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг ер участкаларини бериш тартиби тўғрисидаги 709-сонли қарори қабул қилингач, Номоз Жумаевга ер майдонларини аукцион савдоси орқали сотиб олиш мумкинлиги тушунтирилган.

«Амалдаги қарорга асосан, ерни очиқ электрон танловлар асосида сотиб олиш мумкин. Агар бошқа йўллар билан ер берилса, бу ноқонуний ҳисобланади. Бу чўл ҳудуд ҳам тегишли тартибда лойиҳа қилиниб, вилоятга тақдим қилинади. Шундан сўнг очиқ ер аукционга қўйилади», — дейди туман ҳокимлиги мутахассиси.

«Саксовулзор табиатимизга ижобий таъсир кўрсатяпти»

Жарқўрғон тумани Экология ва атрофни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси Равшан Турдимуродов ушбу саксовулзор қум кўчишининг олдини олаётганлигини айтади.

Равшан Турдимуродов. Фото: Аброр Қурбонмуратов / «Газета.uz».

«Шу маҳаллада Номоз бобо томонидан қилинган ишлардан ғурурланамиз, шунча чўл майдонда яшил майдон барпо этганликлари учун Номоз бобо ва унинг оиласига раҳматлар айтамиз. Саксовуллар анча ўсиб кетган, айримлари 4 метрдан ортиқ баландликка етган. Саксовуллар қумли жойларда ўсади ва қум кўчишининг олдини олади», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, ушбу саксовулзорлар ичида турли хил судралиб юрилувчи жониворлар ин қуриб олган. «Шунинг учун ҳам бизнинг бўлимимиз томонидан ушбу саксовулзорларни кесиб кетмасликлари учун назорат ишлари олиб борилмода. Кўриб турганингиздек, уларга ҳеч қандай шикаст етказилмаган».


Равшан Турдимуродов саксовулзор жойлашган ер майдони ҳокимият томонидан аукционга қўйилганлигини, бу туман Экология бўлимининг ваколатига кирмаслигини айтади.

«Лекин шу ҳудудда яшил макон барпо этиш кераклигини, Номоз бобонинг ишларини ижобий баҳолаб, фикрларимизни айтганмиз. Якуний хулоса ҳокимият вакиллари томонидан чиқарилади. Биз ҳам ваколатимиз доирасида ҳар қандай амалий ёрдамларни бериб келмоқдамиз. Бизга ҳам шу маҳаллада боғ керак, саксовулзор керак. Ушбу саксовулзор ери Номоз бобога берилса, жуда хурсанд бўлар эдик. Номоз бобо бу ерни янада гуллатиб, яшил маконга айлантиришларига ишонамиз», — дейди туман Экология бўлими бош мутахассиси.

«Агар ер аукционга қўйилса, бошқа одам тайёр жойни сотиб олади»

«Қора янтоқ» маҳалласи раиси Маматмурод Жумаев саксовуллар қумлар кўчиши оқибатида йўллар ёпилиб қолишининг олдини олаётганлигини қайд этди.

«Номоз бобонинг мақсади саксовулларни кўпайтириб, ўрмон ташкил этиш эди. Лекин вилоят раҳбарлари ушбу ерга эгалик қилишларига рухсат беришмаган. Менимча, бу жойлар бошқа мақсадда ишлатилар, буни мен билмайман, раҳбарларнинг ўзлари билишади. Лекин бу ҳудудга Номоз бобо эгалик қилишларига рухсат беришмаяпти», — дейди у.


Маҳалла раиси Номоз бобо 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида оиласи ва фарзандлари билан ушбу саксовулзорни парвариш қилишини таъкидлади.

«Саксовуллар катта бўлиб кетган. Саксовулзор ташкил этилганидан кейин маҳалламиз табиати ҳам анча ижобий томонга ўзгарди. Учиб келаётган қумлар кўчаларга чиқиб кетмаяпти. Қумлар саксовуллар томирининг орасига қолиб кетади ва кўчмайди. Бирор киши дам оламан деса, саксовуллар катта бўлиб, ажойиб соя ҳам бериб бошлаяпти. Яна уч-тўрт йилдан сўнг бу саксовулзор дам олиш учун ажойиб маскан бўлади деб ўйлайман. Маҳалламизда туризм ривожланишига ҳам ушбу саксовуллар ҳисса қўшади деб ўйлайман», — дейди Маматмурод Жумаев.

«Агар ҳокимларимиз рухсат беришса, Номоз бобо бу ерларни боғдорчилик қилиб, янада ривожлантиришни мақсад қилган эди. Менда имконият ва ваколат бўлса, шу ерга эгалик қилиш қарорини чиқартириб берар эдим, лекин менда бундай ваколат йўқ. Агар бу ерлар аукционга қўйилса, бошқа одам тайёр жойни сотиб олади», — дейди маҳалла раиси.