7 июнь куни соат тахминан 04:00 ларда Тошкент шаҳридаги Бобур ва Шота Руставели кўчалари кесишмасида ЙТҲ содир бўлди, оқибатда икки киши вафот этди. Бу ҳақда чоршанба куни кечқурун Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

«Matiz» автомобили ҳайдовчиси 1989 йилда туғилган Б.А. тезликни белгиланган меъёрдан ошириши натижасида руль бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги дарахтга урилган.

Бунинг оқибатида ҳайдовчи ҳамда йўловчи З.К. (2000 й.т.) олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) назарда тутилган жиноят аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.