Тошкент шаҳридаги яшил қопламалар майдони, ўтган йилнинг ёз ойидаги маълумотларга кўра, қарийб 26,84 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда биринчи марта шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев маълум қилганди.

Ўзгидромет бош директори ўринбосари Ибрат Каримов сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтган яшиллик бўйича 3 фоизлик кўрсаткич нотўғри. «Ўзгидромет» матбуот хизмати чоршанба куни қайт этишича, марказ мутахассислари томонидан тайёрланган материалларда техник хатолик мавжуд бўлган.

Яшил қопламанинг майдони қандай ўлчанади?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожланиш бошқармаси аввалроқ яшил қоплама ҳудуди қандай аниқланганини тушунтирганди.

Бошқарманинг географик ахборот тизимлари бўлими бошлиғи Ўткир Шермановнинг маълум қилишича, яшил қопламага шаҳарда ўсаётган барча тирик дарахт, буталар ва ўт-ўланлар киради. Унинг майдони учувчи аппаратлар ёки сунъий йўлдошлар ёрдамида ўлчанади.

«Аввалига мутахассислар шаҳарни махсус фотоаппарат ёрдамида суратга олишади. Кейин ушбу фотосуратлар битта харитага киритилади ва компютерда қайта ишланади, натижада NDVI индекси ва яшил қопламанинг майдони аниқланади», — деди у.

NDVI (Normalized Difference Vegetation Index) сўзма-сўз «нормаллаштирилган ўсимлик индекси» деб таржима қилинади. Бу маълум бир ҳудуддаги тирик ўсимликлар сонининг кўрсаткичидир. Индекс аерофотосурат пайтида яшил майдонларни бошқа қатламлар турларидан ажратишга ёрдам беради. Масалан, бинони — гулли боғдан, тирик дарахтларни — қуриганидан ёки сунъий майсани — ҳақиқийсидан ажратиб туради.

NDVI индексини аниқлаш учун cамолётдан олинган фотосурат ишлатилади. Шу билан бирга, нафақат оддий фотосуратлар, балки қизил ва инфрақизил нурда ҳам суратга олинади. Шундан кейин мутахассислар фотосуратларни қайта ишлайдилар ва NDVI индексини махсус формуладан фойдаланиб ҳисоблайдилар. Қуриган дарахтлар ва ўтлар бу усул ёрдамида кўрсатилмаслиги сабабли, уни баҳор охирида тасвирга тушириш афзалроқ.

«Усулнинг ишлаш принципи барча тирик ўсимликларда яшил пигмент хлорофилл мавжудлигига асосланади. У қуёш нурларининг яшил спектрини акс эттиради, бунинг натижасида биз ўсимликларни яшил рангда кўрамиз. Фотосинтез жараёнида ўсимликлар ёруғликнинг қизил спектрини ўзлаштиради, лекин ўзида инфрақизилга яқин нурларни акс эттиради. Бунинг ёрдамида ўсимликлар карбонат ангидридни ўзлаштириб, кислород чиқаради ва ўсади», — дея тушунтирди департамент вакили.

Юқорида NDVI индексининг «тоза» тасвири, унда фақат фотосинтез қила оладиган яшил қоплама тасвирланган. Қуйида эса — яшил қоплама сунъий йўлдош тасвирлари билан бирлаштирилган: унда йўллар ва бинолар ҳам кўринган.

NDVI Тошкентда

2021 йилнинг май ойида Тошкентда биринчи марта NDVI индекси ўлчаб кўрилди. Шу орқали яшил қопламанинг майдони аниқланди ва ҳар бир фуқарога — 36 кв. метрдан яшил майдон тўғри келиши аниқланди. Бу кўрсаткични ўтган йиллар билан солиштириб бўлмайди, чунки бу турдаги маълумотлар йўқ, дея таъкидлади департамент вакили.

Архивларда 2018 йилда шаҳарда ҳар бир кишига 60 кв. метр яшил майдон тўғри келгани қайд этилган, аммо бу рақамлар бирор факт билан тасдиқланмаган.

Бундан буён NDVI индекси ҳар йили шаҳарнинг яшил зонасидаги ўзгаришларни қайд этиш учун ўлчанади. Ҳокимлик барча ҳисоб-китобларни жамоатчиликка эълон қилишга ваъда берди.