24 февралда рус қўшинлари бостириб кирганидан буён Украина халқи юз кунлик урушни бошидан ўтказди. 14 млн украиналик уйини ташлаб кетди, 3 млн бола мактабларда ўқишни тўхтатишга мажбур бўлди, 15,7 млн киши гуманитар ёрдамга муҳтож ва уларнинг сони доимий равишда ўсиб бормоқда. Бу ҳақда БМТнинг Украинадаги инқироз координатори ва БМТ бош котиби ёрдамчиси Амин Аваданинг 3 июндаги хабарида айтилади.

«Украинага бостириб кириш унинг ҳудудий яхлитлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомини бузишдир», — деди Амин Авада. «Бу уруш одамларга тузатиб бўлмайдиган зарар етказди ва одамлар ҳаётининг деярли барча жабҳаларини қамраб олди. Бу урушда ғолиб бўлмаган ва бўлмайди ҳам», — деди ва урушни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

«Оилалар ва жамоалар вайрон бўлди ва илдизларидан маҳрум қилинди. Уч ойдан сал кўпроқ вақт ичида 14 млнга яқин украиналик уйларини тарк этишга мажбур бўлди, уларнинг аксарияти аёллар ва болалар. Бу миқёс ва ҳаракат тезлиги тарихда кўрилмаган», — деди БМТ вакили.

Харьковдаги отишмалар натижасидаги вайронагарчиликлар. Фото: ЮНИCЕФ.

Унинг сўзларига кўра, 3 млндан ортиқ болаларнинг таълими тўхтатилган, юз минглаб одамлар сув ва электр энергиясидан маҳрум, миллионлаб одамлар эртанги кун учун озиқ-овқатни қаердан олишларини билмайдилар. 100 кундан кейин уруш, айниқса, мамлакат шарқида сусайгани йўқ", — деди Амин Авада. Унинг таъкидлашича, вайрон бўлган инфратузилмалар сабабли миллионлаб тинч аҳоли ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

Уруш ойларида БМТ Украинадаги 8 млнга яқин аҳолига, жумладан, шарқдаги қамалда қолган шаҳарларга зудлик билан гуманитар ёрдам кўрсатди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида халқаро ҳуқуқ нормаларини бузганлик учун жавобгарлик масалалари кўриб чиқилди. Халқаро суд раиси Жоан Донохью Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига суд ўзининг 76 йиллик фаолияти давомида тинч аҳолининг тан жароҳати олиши ва урушлар пайтида ҳалокатга учраши билан боғлиқ кўплаб низоларни кўриб чиққанини айтди. Шу билан бирга, у энг жиддий ваҳшийликларнинг ҳаммаси ҳам халқаро адлия органи юрисдикциясига кирмаслигини таъкидлади.

Жоан Донохьюнинг тушунтиришича, агар ҳар икки томон ўз юрисдикциясини қабул қилса, Халқаро суд даъволарни ва ҳар қандай қарши даъволарни кўриб чиқиши мумкин. У давлатлар юрисдикцияси учун асос сифатида бошқа ҳолатлардан: геноцид (Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция — таҳр.) ёки ирқий камситиш (Ирқий камситишларнинг барча шаклларини йўқ қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция — таҳр.) тўғрисидаги аниқ халқаро конвенцияларнинг якуний қоидаларини мисол қилиб келтирди.

«Бугун, қуролли можаролар ва оммавий ваҳшийликлар дунёнинг турли бурчакларида вайронагарчиликларни келтириб чиқаришда давом этар экан, мен фурсатдан фойдаланиб, аъзо давлатларга суд фақат аъзо давлатлар унга ваколат берган даражада жавобгарликка тортиш мумкинлигини эслатаман» , — деди Халқаро суд раиси.

У Инсониятга қарши жиноятларнинг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқишга чақирди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет ҳам худди шундай ташаббус билан чиқди. «Инсониятга қарши жиноятлар тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган баъзи асосий мажбуриятларни бузганликда айбдор бўлган барчани жавобгарликка тортишнинг бир йўли бўлади», — деди Жоан Донохью.

БМТ ахборот хизмати хабарига кўра, Оксфорд университетининг халқаро оммавий ҳуқуқ профессори Дапо Аканде бу чақириқни қўллаб-қувватлади. Бундай конвенциянинг қабул қилиниши инсониятга қарши жиноятлар учун геноцид ва уруш жиноятлари билан боғлиқ ҳужжатларда кўрсатилганларга тенг жазо воситаларини тақдим этади, деб ҳисоблайди ҳуқуқшунос.

Дапо Аканденинг таъкидлашича, агрессия каби халқаро жиноят ҳам кўпинча эътиборга олинмайди. «Барча халқаро жиноятлар учун жавобгарлик бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш учун давлатлар Халқаро жиноий суд ушбу халқаро жиноят устидан юрисдикцияни амалга ошириши учун Агрессияга оид тузатишларни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиши керак», — дея Дапо Аканде сўзларини келтирган БМТ ахборот хизмати.

Халқаро суд БМТнинг олтита асосий органларидан биридир. У давлатлар ўртасидаги низоларни ҳал қилувчи универсал характердаги ягона халқаро суд органидир.

Халқаро жиноий суд мустақил, доимий суд органидир. Суднинг юрисдикцияси геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари билан чекланган. Агрессия жиноятлари тўғрисидаги Рим статутига киритилган тузатишлар 2018 йилда кучга кирди, бироқ ҳамма давлатлар ҳам уларни ратификация қилмаган.