Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «Газета.uz» сўровига кўра, газ ва электр энергияси учун янги эълон қилинган тарифлар бўйича маиший истеъмолчиларнинг харажатлари қанчага ошишини ҳисоблаб чиқди.
Аввалроқ, ҳукумат қарори лойиҳаси билан энергия истеъмоли учун ижтимоий норма ҳажмини белгилаш таклиф этилаётгани ҳақида ёзгандик:
- электр энергияси — ойига 250 кВт·соатгача;
- газ (апрелдан сентябрга қадар) — 200 куб метргача;
- газ (иситиш мавсуми давомида октябрдан мартга қадар) — 700 куб метргача.
Бундан ташқари, энергоресурсларнинг нархини ошириш ҳам таклиф этилмоқда. Хусусан, ижтимоий норма доирасида 1 кВт электр энергия учун тўлов 295 сўмдан 325 сўмгача (+10,1%) ошириш, нормадан (250 кВт соат) ошиқча қисмига эса икки баравар — 650 сўмдан ундириш кўзда тутилмоқда.
Бир метр куб табиий газ нархи эса 380 сўмдан 410 сўмга (7,8%) қимматлаши кутилмоқда. Ижтимоий нормадан ортиқча қисми эса 1200 сўмдан ҳисоблаб, тўлов ундирилади.
№ | Электр энергия | ||||
Истеъмол | Амалдаги тариф бўйича тўлов | Таклиф этилаётган тариф бўйича тўлов | Ўртадаги фарқ | ||
Сўмда | Фоизда | ||||
1 | 50 кВт·с | 14 750 | 16 250 | 1 500 | 10% |
2 | 100 кВт·с | 29 500 | 32 500 | 3 000 | 10% |
3 | 150 кВт·с | 44 250 | 48 750 | 4 500 | 10% |
4 | 200 кВт·с | 59 000 | 65 000 | 6 000 | 10% |
5 | 250 кВт·с | 73 750 | 81 250 | 7 500 | 10% |
6 | 300 кВт·с | 88 500 | 113 750 | 25 250 | 29% |
7 | 350 кВт·с | 103 250 | 146 250 | 43 000 | 42% |
8 | 400 кВт·с | 118 000 | 178 750 | 60 750 | 51% |
«Газета.uz»га Иқтисодий тараққиёт вазирлиги маълум қилишича, таклиф этилаётган табақалаштирилган тарифлар билан ойига 250 кВт соатгача электр энергиясидан фойдаланувчи абонентлар учун қўшимча харажатлар тахминан 10% га — ойига 7500 сўмгача, 300 кВт соатгача истеъмол қиладиган абонентлар учун — 25 минг сўмга, 400 кВт соатгача бўлган абонентлар учун эса — 61 минг сўмга ошади.
№ | Газ | ||||
Иситиш мавсумидан ташқари вақтда | |||||
Истеъмол | Амалдаги тариф бўйича тўлов | Таклиф этилаётган тариф бўйича тўлов | Ўртадаги фарқ | ||
Сўмда | Фоизда | ||||
1 | 100 куб. м | 38 000 | 41 000 | 3 000 | 8% |
2 | 150 куб. м | 57 000 | 61 500 | 4 500 | 8% |
3 | 200 куб. м | 76 000 | 82 000 | 6 000 | 8% |
4 | 250 куб. м | 95 000 | 142 000 | 47 000 | 49% |
5 | 300 куб. м | 114 000 | 202 000 | 88 000 | 77% |
Вазирлик маълумотларига кўра, иситиш мавсумидан бошқа вақтларда 200 куб метр газ истеъмол қилувчи хонадон харажатлари ойига 6000 сўмгача ошади, 300 куб метр газ истеъмолчилариники эса — 88 минг сўмгача ошади.
№ | Газ | ||||
Иситиш мавсуми давомида | |||||
Истеъмол | Амалдаги тариф бўйича тўлов | Таклиф этилаётган тариф бўйича тўлов | Ўртадаги фарқ | ||
Сўмда | Фоизда | ||||
1 | 100 куб м | 38 000 | 41 000 | 3 000 | 8% |
2 | 300 куб м | 114 000 | 123 000 | 9 000 | 8% |
3 | 500 куб м | 190 000 | 205 000 | 15 000 | 8% |
4 | 700 куб м | 266 000 | 287 000 | 21 000 | 8% |
5 | 800 куб м | 304 000 | 407 000 | 103 000 | 34% |
6 | 1000 куб м | 380 000 | 647 000 | 267 000 | 70% |
Иситиш даврида 700 куб метргача табиий газ истеъмол қиладиган абонентлар учун ўсишдан кейин қўшимча харажатлар ойига 21 минг сўмни, 1000 куб метргача истеъмол учун эса — ойига 267 минг сўмни ташкил этади.
Республикада электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд бўлиб, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт с) тўғри келади.
Шунингдек, табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Ушбу хонадонларнинг 85 фоизи, яъни 3,4 млн та абонент ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.
Ўтган сафар электр энергия ва газ нархи 2019 йилнинг август ойида оширилганди.
Энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича илк бор Иқтисодий тараққиёт, Молия ва Энергетика вазирликлари қўшма баёнотида маълум қилинганди. Ўшанда 2021 йилни Ўзтрансгаз — 2,5 трлн сўм, Миллий электр тармоқлари — 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган, субсидиялаш сиёсати эса етарли самарани бермаётгани айтилганди. Энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун эса 25 млрд доллар зарурлиги таъкидланиб, шунга кўра, энергоресурслар нархини эркинлаштириш ҳамда «ижтимоий норма» тизимини жорий этиш режалаштирилаётгани очиқланганди.