Шавкат Мирзиёев 25 май куни «Ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг тўлов интизомини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 15 июндан бошлаб хўжалик юритувчи субъектларнинг тижорат банкларида очилган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ундирувга йўл қўйилмайдиган махсус мақсадли ҳисобварақлари тугатилади. Ёпилгандан кейинги қолдиқ уларнинг асосий ёки иккиламчи ҳисобварақларига ўтказилади.

Лойиҳалар учун Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида махсус мақсадли ҳисобварақлар очилади ва ёпилади, улар Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк билан келишилиши шарт.

Ҳукуматга икки ҳафта муддатда алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга махсус ҳисобварақлардан вақтинча фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилиш топширилди.

Президент фармони «барча тоифадаги хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг рақобат шароити яратилишини давом эттириш, шунингдек, ҳисоб-китоб тизимининг шаффофлигини ошириш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш» мақсадида қабул қилингани қайд этилган.

Молиячи Отабек Бакировнинг қайд этишича, бундай ҳисобварақлар халқ орасида «транш» деб аталган, улар «пахта, ғалла, ёқилғи-мойлаш, кимё ва умуман давлат мақсадли ресурсларидан фойдаланишда» қўлланиб келинган.

«Советча марказлашган тақсимот тизимидан мерос бўлиб қолган ҳисобварақларнинг маъноси шу эдики, уларга „тегиниб бўлмасди“, қандай мақсад билан келган бўлса, фақат шу мақсад билан ишлатилиши ва кўпинча охири бориб яна бюджетга ёки давлат фондларига қайтиши лозим эди. Ўтган даврда бозор муносабатлари чуқурлашиб боргани сайин мақсадли ҳисобварақлардан тармоқлар ва тармоқлараро дебиторлик-кредиторлик қарзларини схемалар асосида қисқартиришдан бошқа функцияси қолмаган эди, яъни фойдасидан зарари кўпайиб кетганди», — деб ёзади у.