Ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон президенти фармони билан аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида яратилган «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси тугатилганига эътибор қаратди. Ушбу тизим бекор қилингани бўйича масъул давлат идоралари ҳозиргача изоҳ беришгани йўқ. «Ёки изоҳ берилдию, мен кўрмай қолдимми?», — дея савол қўяди блогер.

Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил апрелда имзолаган «Ўзбекистон Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги фармон билан президентнинг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформаси фаолияти тугатилди.

«Юз минглаб фуқароларга тааллуқли лойиҳа бекор қилинар экану, лекин 1 ярим ойдан буён бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги лом-мим деб изоҳ бермас экан, қойил, мана очиқлигу, ана очиқлик. Ёки изоҳ берилдию, мен кўрмай қолдимми? Унда олдиндан узр», — дейди Хушнудбек Худойбердиев.

«Пиёда юрганларга пул бериш ташаббуси шахсан Шавкат Мирзиёевга тегишли эди. Президент бир неча бор йиғилишларда ушбу тизим бошқа давлатларда йўқлиги, тизим ўзини оқлаётгани, аҳолини шу орқали пиёда юришга ўргатиб, саломатлик билан боғлиқ кўплаб муаммоларга ечим топиш мумкинлигини таъкидлаганди. Кимларнидир ишлагиси келмагани учун, ёки аҳолига беришга йилига қанчадир маблағ топилмагани учун президент ташаббуси ўз-ўзидан, жамоатчиликка ҳеч бир изоҳ ва тушунтириш бермасдан бекор қилиб юборилаверадими?», — дея таъкидлади у.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 16 январдан бошлаб кунига 10 минг қадам юрганларга 3 минг сўм бериш тўхтатилиб, янги рағбатлантириш тизимига ўтилиш ҳақида маълум қилинган эди. Унга кўра, 1hls.uz платформаси фойдаланувчиларини рағбатлантириш учун ҳар ҳафта битта 100 млн сўм миқдорида пул мукофоти ва мингта велосипед ўйналиши айтилган эди.

Ўз навбатида, президентнинг 26 январдаги «Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2022 йилда «Соғлом турмуш тарзи» платформасида фойдаланувчиларни рағбатлантириш, уларнинг сонини янада ошириш ҳамда бу борада олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида Давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган эди.