Сенатор Содиқ Сафоев ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида ҳудудий кенгашлар раислари эканлиги нотўғри эканлигини қайд этди. Бу ҳақда у 24 май куни «Инсон қадри» онлайн платформаси тақдимотидан сўнг ОАВ вакилларига берган интервьюсида фикр билдирди, дея хабар бермоқда Kun.uz нашри.

Содиқ Сафоев Конституцияга ўзгартиришлар киритилиши борасида фикрлари билан бўлишган.

«Биз ҳозир жуда катта фундаментал ўзгаришлар бўсағасида турибмиз. Мен ишонманки, буларнинг амалга ошиши эса Конституциянинг ўзгариши билан боғлиқ. Биз бугунги кунда 1992 йилда қабул қилинган Конституцияга амал қилган ҳолда барча кутилган ўзгаришларни амалга оширолмаймиз. Инвестициялар ва иқтисодиётнинг ривожланиши, ер ислоҳоти ёки хусусий мулкни ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларини кафолатлаш — бунинг ҳаммаси конституцион ўзгаришларни талаб қилади. Ёки айтайлик, ҳукуматнинг роли ва унинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги ва охиргиси маҳаллий ҳокимият…», — дея таъкидлади Сафоев.

«Халқ учун энг муҳими — марказий эмас, маҳаллий ҳокимият. Уни бевосита ҳар кундаги ишларини ҳал қиладиган биринчидан маҳаллий кенгашларнинг роли. Қачонгача, ҳоким айни вақтда ҳам ижро ҳокимияти, ҳам вакиллик ҳокимиятининг раҳбари бўлиши керак? Бу — гапнинг очиғи, нотўғри. Конституция бу масалани ечиб қўйиши керак», — дейди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

«Конституция бу — асосий қонун. Шунинг учун келинглар, мана ҳозир олдимизда муайян бир давр турибди, шу конституцион ўзгаришларни биргаликда муҳокама қиламиз. Бунда ОАВ фаол бўлиши керак, менинг фикримча. Баъзилар бу нима учун керак, демоқда. Асосий мақсад — биз ҳуқуқий ва қонун тарафдан устувор бўлган давлатни барпо этмоқчи бўлсак, замонавий ва бугунги замон талабларига жавоб берадиган Конституцияни тузишимиз керак», — дейди у.

Январь ойида «Газета.uz» ҳокимларнинг кенгаш раиси мақомини бекор қилиш масаласи бўйича ҳужжат 2,5 йил олдин тайёрлангани, лекин ҳалигача қабул қилинмагани тўғрисида мақола ёзган эди.

Олий Мажлис Сенати ушбу мақола юзасида расмий баёнот бериб, қуйи палатада муҳокама қилинмаган қонун лойиҳаси Сенатда ҳам кўриб чиқилмаганлигини таъкидлаган эди. «Маҳаллий кенгашлар мустақил орган. Сенат фақатгина уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади, услубий ёрдам кўрсатади», — деган эди Сенат.