Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги 4-мактаб ўқувчиси калтакланганлиги акс этган видеолавҳалар тарқалди. Вазият юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълумот берди.

22 апрель куни бўлган воқеада Бандихон туманиги 4-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси 9-синф ўқувчиси дарс машғулотларига тайёргарлик кўрмасдан келганлиги учун уни урган. Ҳолатни дарс хонадаги бошқа ўқувчилар тасвирга олган.

Туман ИИБ ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.

«Текшириш доирасида ўқитувчининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланди. Сурхондарё вилояти прокуратураси текширувни алоҳида назоратга олган», — дейилади баёнотда.

Мазкур ҳолатга Халқ таълими вазирлиги ҳам муносабат билдириб, ўқувчиларга куч ишлатиш ҳолатини кескин қоралашини маълум қилди.

«Халқ таълими вазирлиги ўқитувчи томонидан ўқувчиларга куч ишлатиш ҳолатини кескин қоралайди. Бугунги замон ўқитувчилар ўқувчилар билан фақат дўстона муносабат ўрнатиш орқали натижага эришиш мумкинлигини тақозо этади. Ҳар бир ўқувчи билан муаммони биргаликда ижобий ҳал этиш — бугунги кун педагогининг бурчи ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, агар дўстона муносабат орқали натижага эришишнинг имкони бўлмаса буни ҳал этиш учун боланинг ота-онаси ёҳуд участка нозири жалб этиш тўғри саналади.

Вазирлик мактабда бундай ҳолатларнинг барча кўринишларини бартараф этиб, ўқитувчиларни босиқликка ва ўзаро келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этишга чақирди.